Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Тель-Авивнинг Фаластин ерларини ўзига қўшиб олиш борасидаги нияти сабаб АҚШ ва Исроил билан имзоланган барча келишувлар бекор қилинишини эълон қилди, деб хабар беради WАFА.

Фото: Reuters

«Бугундан бошлаб Фаластин АҚШ ва Исроил билан имзоланган барча битим ва келишувлардан ҳамда уларга асосланган мажбуриятлардан, хусусан, хавфсизлик соҳасидаги мажбуриятлардан озод қилинади», — дейди Аббос.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Фаластин халқига нисбатан адолатсиз сиёсат олиб бормоқда. «Биз АҚШ администрациясини Фаластин халқига қилинган зулм учун тўла жавобгар деб ҳисоблаймиз ва уни Исроилнинг босқинчи ҳукуматини халқимизга қарши барча тажовузкор ва адолатсиз қарорларига асосий шерик деб биламиз», — дейди президент.

Маҳмуд Аббос 19 май куни Фаластин халқаро шартномалар ва конвенцияларга қўшилиши тўғрисидаги битимларни имзолаш жараёнини якунламоқчи эканлигини билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, январь ойининг охирларида АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйда Исроил бош вазири Бенямин Нетаньяху билан чиқиш қилиб, Фаластин—Исроил можаросини барқарорлаштириш бўйича ўз режасини тақдим этганди. Кейинроқ Фаластин президенти  Маҳмуд Аббос Трампнинг таклифига «Қуддус сотилмайди» дея жавоб қайтарган эди.