Асли ўзбекистонлик бўлган бизнесмен Алишер Усмонов Андижон вилоятининг Марҳамат туманида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 1000 тасига жами 2,5 миллиард сўмлик молиявий ёрдам берди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Фото: Марҳамат туман ҳокимлиги

Марҳамат туман ҳокимлигининг маълум қилишича, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида ишчи гуруҳлар томонидан олиб борилган ўрганиш натижасига кўра тумандаги 48 та маҳаллада яшовчи 1000 та оила ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган. Миллиардер Алишер Усмонов томонидан ажратилган 2,5 миллиард сўм маблағ «Ўзмиллийбанк» акциядорлик жамияти Марҳамат филиали томонидан пластик карталарга ўтказилиб, 20 май, чоршанба куни туман ҳокимлиги вакиллари ҳамда ИИБ ҳамкорлигида ўз эгаларига етказиб берилган.

Фото: Марҳамат туман ҳокимлиги

«Бугунги синовли кунларда кўрсатилаётган ёрдам биз учун айни муддао бўлди. Савобли ишни ташкил этган барчага миннатдорчилик билдираман», — дейди фуқаро Қимматхон Деҳқонова.

Фото: Марҳамат туман ҳокимлиги

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сардоба тошқинидан жабрланганларга Алишер Усмонов номидан 15 миллион доллар хайрия қилингани хабар берилганди.