Россиялик миллиардер Алишер Усмонов Наманган вилоятидаги қарийб 5 минг оилага жами 12,5 миллиард сўмлик молиявий кўмак кўрсатди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»

«Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида Наманган шаҳридаги 3000, Чуст туманидаги 1000, Наманган туманидаги 997 та хонадон йўқланган. Ўрганишлар давомида якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган, ногиронлари бор оилалар танлаб олинган.

Миллиардер томонидан ажратилган маблағ Миллий банк пластик карталарига ўтказилиб, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, сектор вакиллари ва банк ходимлари томонидан мазкур оилалар вакилларига етказиб берилган.

Жумладан, Наманган шаҳридаги «Ғишткўприк» маҳалласида 30 та оилага ичида 2,5 миллион сўм маблағи бўлган пластик карталар тарқатилган. Биргина шу маҳаллага кўрсатилган ёрдамнинг умумий суммаси 75 миллион сўмни ташкил этган.

«Турмуш ўртоғим анча йиллар олдин вафот этган, уч қиз билан қолганман. Каттасини узатдим, кичиклари 18 ва 14 ёшда. Ошхонада ишлардим, карантин сабабли у ер ҳам вақтинчага ёпилди. Шундай қийин пайтда бу ёрдам бизнинг оила учун айни муддао бўлди. Муборак ойда, Ҳайит байрами арафасида бунга қўл урганларни дуо қиламиз», — дейди ушбу маҳаллада яшовчи Ўғилхон Тўрабоева.