Перу ғарбидаги Кастровиррейн провинциясидаги туманлардан бирининг мэри карантин ва комендантлик соатига амал қилмаганини яшириш учун ўзини ўлганга солиб, тобутга ётиб олди, деб ёзади Comercio газетаси.

Фото: Esteban Saldaña

Қайд этилишича, 18 май куни кечқурун Тантар тумани мэри Хайме Роландо Урбина Торрес дўстлари билан алкоголли ичимлик ичган. Шу пайтда улар ўтирган жойга миллий полиция агентлари келган.

Мэр полициячилар уни коронавирусдан ўлган деб ўйлаши учун тобутга кириб ётиб олган. Унинг шериклари ҳам шундай йўл тутган. Кейинроқ ОАВда Урбина Торреснинг ниқоб тақиб тобутда ётган сурати эълон қилинган.

Бироқ полицияни алдаш муваффақиятсиз якунланган. Маълум бўлишича, туман мэри қўлга олинганида маст бўлган.

Бундан аввал маҳаллий аҳоли вакиллари туман раҳбарини бир неча марта коронавирус билан боғлиқ вазиятни жиддий қабул қилмаётганликда ҳамда инфекция билан курашиш учун чора кўрмаётганликда айблаган.

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Урбина Торреснинг 54 кунлик карантин мобайнида 8 кун Тантарда бўлганини айтган. Мэрнинг ўзи эса бу айбловларни рад этиб, фақат иш бўйича туманни тарк этаётганини билдирган.

Перуда 100 мингдан ортиқ киши коронавирусга чалинган, 3024 киши вафот этган, 40 мингдан кўпроқ бемор соғайган.