Қозоғистоннинг бош санитар шифокори Айжан Есмагамбетова мамлакатда коронавирус сабабли юзага келаётган ўлим даражаси нима сабабдан бошқа мамлакатларга қараганда пастроқ эканлигига изоҳ берди. Бу ҳақда «Nur.kz» хабар қилди.

Фото: «Nur.kz»

Есмагамбетованинг сўзларига кўра, Қозоғистонда коронавирус бошқа мамлакатларга қараганда кечроқ тарқалишни бошлади, дастлабки ҳолатлар март ойининг ўртасида аниқланди.

Унинг таъкидлашича, вируснинг мамлакатга кечроқ кириб келгани шифокорлар ва касалхоналарни тайёрлашга имкон берган. Бундан ташқари, Қозоғистонда хавф гуруҳларида оммавий тест ўтказиш йўлга қўйилган, бу эса касалликни аломатларсиз ўтказаётганларни аниқлашга ва даволашни вақтлироқ бошлашга имконият яратмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистонда ўтган бир сутка ичида 218 кишида коронавирус аниқланди. Мамлакатда COVID-19 коронавирус инфекциясига чалинган жами беморлар сони 6969 кишига етган. Ҳозирга қадар 35 киши коронавирус қурбонига айланган бўлса, 3598 бемор даволанишга муваффақ бўлган.