Ўтган бир сутка ичида Қозоғистоннинг 15 та ҳудудида коронавирусга чалиниш бўйича яна 265 та ҳолат қайд этилди, деб хабар беради Tengrinews.

Фото: ДW

Касалликка чалинган янги беморлар орасида бир ёшга тўлмаган икки нафар бола ва Россиядан келган бир неча фуқаро бор. Ҳозирга қадар мамлакатда коронавирусга чалинган 3734 бемор соғайган бўлса, 35 киши COVID-19 қурбонига айланган. Касаллар сони вилоятлар кесимида қуйидагича тақсимланмоқда:

  • Олмаота — 1966;
  • Нур-Султон — 1403;
  • Атирау вилояти — 816;
  • Чимкент — 508;
  • Ғарбий Қозоғистон вилояти — 352;
  • Қарағанда вилояти — 300;
  • Қизилўрда вилояти — 266;
  • Туркистон вилояти — 247;
  • Олмаота вилояти — 238;
  • Ақтўбе вилояти — 233;
  • Жамбил вилояти — 222;
  • Павлодар вилояти — 176;
  • Манғистов вилояти — 164;
  • Ақмўла вилояти — 135;
  • Костанай вилояти — 110;
  • Шарқий Қозоғистон вилояти — 59;
  • Шимолий Қозоғистон вилояти — 39.

Қирғизистонда ўтган бир сутка ичида яна 43 кишида коронавирус аниқланган бўлиб, мамлакатдаги жами касаллар сони 1313 кишига етди. Бу ҳақда республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Касалликка чалиниш бўйича янги ҳолатларнинг 23 таси Бишкекда аниқланган — улардан бири яқинда Санкт-Петербургдан қайтиб келган. Шунингдек, Норин вилоятида — 8, Ўш шаҳрида — 5, Ўш вилоятида — 4, Баткен вилоятида — 2, Чуй вилоятида эса 1 кишида COVID-19 аниқланган.

Касалларнинг олти нафари — юк машина ҳайдовчилари, 12 нафари — Россиядан келганлар, хусусан, «Юк 200»га ҳамроҳлик қилиб келганлар. Норин вилоятида эса Ер ресурслари давлат агентлигининг олти нафар ходимида, уч нафар ИИВ ходимида вирус аниқланган. Бундан ташқари, яна 14 ҳолат Онкология миллий марказидаги шифокорлар, ҳамширалар ва ота-оналарда қайд этилган.

Ҳозирга қадар Қирғизистонда COVID-19 билан касалланганларнинг 929 нафари соғайишга муваффақ бўлди, 14 бемор вирус қурбонига айланди.

Аввалроқ Бишкекда карантин чекловлари сабаб тўхтаб қолган жамоат транспорти ҳаракати 25 майдан тикланиши ҳақида хабар берилганди.

Тожикистонда 20 май ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 2140 кишига етди, ўтган бир сутка ичида 204 кишида касаллик аниқланган. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Маълумотларга кўра, ҳозирда мамлакатда 3532 киши шифокорлар назорати остида қолмоқда, бир сутка давомида 595 киши соғайган. Мамлакатда пандемия бошланганидан буён 41 киши вирус оқибатида вафот этган.

Афғонистонда эса янги турдаги COVID-19 коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 8 минг кишидан ошиб кетди, ҳозирга қадар 187 киши вирус қурбонига айланган.

20 май ҳолатига кўра, сўнгги 24 соат ичида Афғонистонда яна 492 кишида коронавирус аниқланган бўлиб, мамлакатдаги жами касаллар сони 8145 кишига етган. Ҳозирга қадар камида 930 киши коронавирусдан даволанишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистонда 21 май соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2950 нафарни ташкил қилмоқда. Мамлакатда 2372 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаро бутунлай соғайди, 565 нафар бемор даволанмоқда. Қайд этишларича, улардан 5 нафарининг аҳволи оғир.