Гулистон давлат университетида Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида туғилган ёш тадқиқотчи Камола Аброрхонованинг онлайн докторлик диссертация ҳимояси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалида эфирга узатиладиган «Ахборот 24» дастурида маълум қилинди.

Кадр: YouTube

Тадқиқотчи «Бошланғич синф ўқувчиларини инновацион ёндашув асосида миллий руҳда тарбиялашнинг педагогик асосларини такомиллаштириш» мавзусидаги илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилди.

2020 йил 1 май эрта тонгда Сардоба сув омбори ўпирилиши натижасида юзага келган ҳодисада Камола Аброрхонованинг оиласи ҳам катта талафот кўрган. 15 май куни Мирзаобод туманида Президент Шавкат Мирзиёевнинг жабрланган аҳоли билан бўлган суҳбатида Камола ҳам ўз фикр мулоҳазалари билан қатнашган эди. Учрашув давомида Шавкат Мирзиёев истисно тарзида Камолага доктор унвонини бериш бўйича топшириқ берганди.

Таъкидланишича, Камола Аброрхонага Ўзбекистонда биринчи бўлиб онлайн тарзда ўз диссертациясини ҳимоя қилган.

Диплом топшириш маросимида фан докторлари, профессор ва ўқитувчилар сўзга чиқиб, К.Аброрхонованинг докторлик ишини юқори баҳолашди. Олий Аттестация комиссияси раиси Аҳмадбек Юсупов докторант Камола Аброрхоновага тантанали равишда фан докторлиги дипломини топширди.

Эслатиб ўтамиз, Сардобадаги фалокатда салкам 6 мингта турар жойга зарар етган. Сирдарёдаги тошқиндан талафот кўрган туманларда 50 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Аввалроқ Сирдарё вилоятининг сув тошқинидан жабр кўрган ҳудудларида уйлар Ўзбекистоннинг вилоятлари кўмаги билан қурилиши ҳақида хабар берилган эди.