Саудия Арабистони уламолари кенгаши раиси ва Илмий тадқиқотлар бошқармаси бошлиғи муфтий Абдулазиз аш-Шайх коронавирус билан боғлиқ вазиятдан кейин бу йилги Ҳайит намозини уйда ўқишга рухсат бериш тўғрисида фатво чиқарди. Бу ҳақда «Azon.uz» хабар берган.

Фото: Bloomberg

Фатвога кўра, Ҳайит намози хутбасиз адо қилинади. Намоз икки ракат бўлиб, унда олтита такбир бор.

Шунингдек, Саудия муфтийси Абдулазиз аш-Шайх фитр садақа ва закотни муносиб бўлган одамларга тақсимлаб бериш ва Ҳайитни доимгидек хурсандчилик билан нишонлаши кераклигини қўшимча қилган.

Уламолар кенгашининг аъзоси шайх Абдул Салом Абдуллоҳ Сулаймон Ҳайит намозини ёлғиз ўқимай, оила аъзолари бўлса, уларнинг ҳамроҳлигида адо қилиш мумкинлигини фатвода билдириб ўтган.

Шунингдек, олимлар Ҳайит намозининг вақти қуёш чиққандан сўнг 15-30 дақиқа ўтиши кераклигини айтган. Ҳайит намозининг вақти пешин намозидан олдин тугайди.

Барча мазҳабларга кўра, қуёш чиқаётган вақтда Ҳайит намозини ўқиш мумкин эмас. Ҳайит намози қуёш чиққандан 15-30 дақиқа ўтганидан кейин ўқилади, дейилган хабарда.

Аввал Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайитини нишонлаш ҳақидаги қарорни имзолагани, унга кўра, Ўзбекистонда Рамазон ҳайити 24 май куни карантин талабларига амал қилган ҳолда нишонланиши хабар қилинганди. Бир муддат илгари Усмонхон Алимов интернетда тарқалган миш-мишларга изоҳ бериб, ҳайит намози қай тарзда ўқилиши борасида расман хабар берилишини билдирган.