Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи давомида Андижон шаҳрида қурилган 20 та 7 қаватли, иккита 16 қаватли янги уйни бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, давлат раҳбари бундан роппа-роса икки йил муқаддам — 2018 йил 20 май куни Андижон шаҳридаги янги уй-жойларни кўрган эди. Мазкур ҳудудда бу масала долзарб эканини инобатга олиб, қўшимча турар жойлар қуриш бўйича топшириқ берганди. Шу асосида шаҳарда 20 та 7 қаватли, иккита 16 қаватли уй барпо этилди.

Президент ушбу мавзени бориб кўрди. Хонадонлардан бирида бўлиб, оила билан суҳбатлашди.

Маълум қилинишича, уйлар жаҳон стандартлари асосида яхлит темирбетондан зилзила бардош қилиб қурилган. Бинонинг ташқи деворлари энерготежамкор базальт материали билан қопланган. Интернет тармоғи, видеокузатув ускуналари ўрнатилган. Жиҳозлаш ишлари март ойида якунланиб, аҳолига тайёр ҳолда топширилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Мазкур уйлар ҳовлисида дам олиш ва спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, автотураргоҳ барпо этилган.

«Маълумки, Андижон аҳоли зичлиги энг юқори ҳудудлардан бири. Бу янги уйларда шунча майдондаги бошқа лойиҳаларга нисбатан 2 баробар кўп хонадонлар жойлашгани маҳаллий шароит учун жуда муҳим. Шу боис хонадонларнинг нархи ҳам ҳамёнбоп», — дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аҳолини турар жойлар билан таъминлашни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

«Камбағалликдан чиқишнинг энг асосий замини — уй-жой. Одамларнинг бошпанаси бўлса, ўзи ҳаракат қилиб, рўзғорини оёққа қўйиб олади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Туманлардаги аҳоли зич жойларга ҳам коммуникация олиб бориб, барча шароитларга эга кўп қаватли уйлар қуриш, замонавий қишлоқлар бунёд этиш бўйича кўрсатмалар берилди.