Санкт-Петербургдаги «КБ Смирнова» реставрация компанияси ўзининг YouTube’даги каналида модификацияга учраган «Волга» автомобилларининг ноёб коллекцияси тасвирланган видеоролик билан бўлишди.

Коллекциядан ўрин олган биринчи автомобиль — 5,5 метрли лимузин «Автосоюз» компаниясининг 1995 йилда ишлаб чиқарилган «ГАЗ-3102» базасида яратилган. Салон ичидан ҳақиқий лимузинлардаги каби ажратувчи тўсиқ, музлатгич, телевизор ва видеомагнитофон ўрин олган. Бу турдаги автомобиллардан икки нусха яратилгани маълум.

Фото: Carakoom

Яна бир лимузин — 1995 йилда «НАМИ» Автомобиль ва автомотор марказий илмий-тадқиқот институти томонидан яратилган «Волга-Кортеж» бўлиб, унга «ГАЗ-31029» асос бўлиб хизмат қилган. У ягона нусхада ишлаб чиқарилган.

Фото: Carakoom

Нижегороднинг «РИДА» компанияси томонидан яратилган «ГАЗ-3102» оригиналидан 300 миллиметрга узунроқ бўлиб, зирҳланган кузовга эга. Машинага руль учун гидрокучайтиргич ва кондиционер ўрнатилган. Салон ичида пўлат зирҳли корпус жойлашган (қалинлиги 4,2 миллиметр, том қисмида эса 2,1 миллиметр) ва 27,5 миллиметр қалинликка эга зирҳли ойна ўрнатилган.

Фото: Carakoom

Коллекциядан ўрин олган тўртинчи автомобиль «ГАЗ-311055» седани бўлиб, ўт ўчирувчилар машинаси рангида ишланган. Ўзидан олдинги вариантлардан фарқли ўлароқ, модель тўлиқ «КБ ГАЗ» томонидан яратилган. Автомобиль «ГАЗ-31105» базасида яратилган бўлиб, кузови 300 миллиметрга узайтирилган.

Фото: Carakoom