Сенатор Эдвард Марки ва конгрессмен Жимми Панетта Конгресс рухсатисиз хавфсизликка путур етказадиган ҳаракатларнинг олдини олиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини илгари сурди. Бу ҳақда сенаторнинг сайтида маълум қилинган.

Фото: Global Look Press

«Президент Дональд Трампнинг Очиқ осмон тўғрисидаги келишувдан ўйламай чиқиб кетиши АҚШ ва иттифоқдошларимиз манфаатларига таҳдид солиши мумкин бўлган Россия ҳарбий фаоллигини кузатиш имкониятимизга таъсир кўрсатади», — дейди Марки.

Панетта эса ўз навбатида келишувдан чиқиш АҚШнинг хавфсизлик соҳасидаги манфаатларига мутлақо зид келишини билдирган.

21 май куни АҚШ президент Дональд Трамп мамлакатни Очиқ осмон бўйича келишувдан чиқаришга қарор қилди. АҚШнинг келишувдан чиқишига асосий сабаб сифатида Россия томонидан битимга риоя қилинмагани кўрсатилмоқда. Жумладан, Россия Москва, Чеченистон Республикаси ва Калининград вилояти устидан учиб, кузатув парвозини амалга оширишни тақиқлаган.

АҚШ олти ой ўтганидан кейин шартномадан чиқади. Океанорти мамлакати шу ҳафтадан бошлаб шартномага кирган бошқа иштирокчи давлатларга билдиришномалар юбора бошлаган. Россия бу ҳақда 22 май куни огоҳлантирилган.