АҚШ президент Дональд Трамп мамлакатни Очиқ осмон бўйича келишувдан чиқаришга қарор қилди. Бу ҳақда Трамп администрациясидаги манбаларига таяниб, The New York Times хабар қилган.

Фото: The New York Times

Хабарга кўра, Трамп администрацияси унинг топшириғи бўйича саккиз ой давомида АҚШнинг ушбу келишувдаги иштироки, устун жиҳатлар ва нуқсонларни таҳлил қилган ва мамлакатнинг ушбу шартномадан чиқиши фойдалироқ эканини билдирган.

АҚШнинг келишувдан чиқишига асосий сабаб сифатида Россия томонидан битимга риоя қилинмагани кўрсатилмоқда. Жумладан, Россия Москва, Чеченистон Республикаси ва Калининград вилояти устидан учиб, кузатув парвозини амалга оширишни тақиқлаган.

АҚШ олти ой ўтганидан кейин шартномадан чиқади. Океанорти мамлакати шу ҳафтадан бошлаб шартномага кирган бошқа иштирокчи давлатларга билдиришномалар юбора бошлаган. Россия бу ҳақда 22 май куни огоҳлантирилган.

Бу Дональд Трамп президент бўлганидан кейин АҚШнинг учинчи катта халқаро келишувни бекор қилиши бўлди. 2018 йилда мамлакат Эрон билан ядро келишувини, 2019 йилда эса ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталар ҳақидаги битимдан чиқилган. Бир йил аввал ҳам АҚШнинг шартномани бекор қилишга Россия сабабчи экани айтилганди.

Дональд Трамп ушбу қарор сабабларини изоҳлаб, Вашингтоннинг Очиқ осмон бўйича келишувдан чиқишига Москва томонидан ушбу битим шартлари бузилаётганини таъкидлаган, деб ёзмоқда Reuters. Шунингдек, у шартнома бекор бўлганига қарамай Россия билан илиқ муносабатлар сақланиб қолишини ҳам қайд этган.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 21 апрелда АҚШнинг шартномани бекор қилиши мумкинлиги ҳақида гапирган. Оқ уй расмийси Лавровнинг сўзларига изоҳ бериб, Қўшма Штатларнинг келишув билан боғлиқ фойдали ва зарарли томонларни таҳлил қилаётганини маълум қилган.

АҚШнинг битимни бекор қилиши ҳақида 2018 йилда илк бора гапирилган. 2019 йил кузида Дональд Трамп ушбу ташаббусни қўллаб-қувватловчи фармонни имзолаган.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 23 та аъзоси ўртасида 1992 йилда имзоланган келишувга кўра, шартномани имзолаган давлатлар бир-бирининг ҳудудида инспекцион парвозлар амалга ошириши, ҳарбий фаолиятни ўрганиши ва қуролланиш борасидаги назоратни амалга ошириши мумкин.