«Навбаҳор» клуби ярим ҳимоячиси Азим Аҳмедов «Тезкор студия» дастури вақтида Жанубий Корея ва Япония клубларидан жиддий таклиф бўлганини маълум қилди.

Фото: «Навбаҳор» матбуот хизмати

«Жанубий Корея ва Япониядан жуда зўр таклифлар тушди. Хайрулла Бозоров (Наманган вилояти ҳокими), наманганлик мухлислар ва янги раҳбарият билан маслаҳатлашган ҳолда шу ерда қолишга қарор қилдим. Акам Одил Аҳмедов ҳам «Навбаҳор»да қолишимни маслаҳат берди. Бу йилги мақсадимиз Осиё Чемпионлар Лигасига чиқиш. Вариантлар кейинги йили ҳам бўлаверади ва ўшанда уларни кўриб чиқишга тайёрман.

Ўтган йили мухлислар орасида мен ҳақимда жуда ёмон фикрлар бўлди, шундай бўлса ҳам уларни ташлаб кета олмадим. Қолишимнинг асосий сабаби мана шу мухлислар. Жорий мавсумда «Локомотив»га қарши кечган ўйинда стадиондаги атмосферани ўзингиз кўрдингиз. Бу мухлисларни ташлаб кетолмасдим.

Молиявий томон? Ҳозирги маошимдан 5-6 баробар кўп, ақлга сиғмас даражада маош таклиф этилди. Кўпчилик айтади, сенга пулни нима кераги бор деб. Менинг ҳам оилам бор, шу ёшга кириб ҳам акамдан пул сўраб юрмайман-ку. Бу йили жонимни бериб ўйнайман, 2021 йилда бу масалани яни бир бор ўйлаб кўраман», — дейди Аҳмедов.

Азим Аҳмедов 2019 йилги мавсум аввалида «Пахтакор»дан «лочинлар» сафига ўтганди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!