Бухоро вилоятида 2, Самарқанд вилоятида 24, жами 26 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор 22 май куни тузалиб, реабилитацияга кузатилди, деб хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Бухоро вилоятида реабилитацияга кузатилган 2 нафар инсон ҳозирча ушбу ҳудуддаги коронавирус инфекциясига чалинган сўнгги беморлар саналади. Иккиси ҳам Бухоро шаҳридан ва коронавирус инфекциясини беморлар билан мулоқот орқали юқтириб олган. Бири 53 ёшдаги аёл бўлса, иккинчиси эса 6 ёшли қизалоқ экани айтилган.

Вилоятда 442 нафар касалланиш ҳолати қайд этилган бўлса, бугунги кунда уларнинг барчаси бутунлай соғайди.

Шундай қилиб, Бухоро вилояти ҳам ЖиззахҚашқадарё ва ФарғонаСурхондарё вилоятларидан сўнг COVID-19’дан холи ҳудудлар сафига қўшилди.

Самарқанд вилоятида соғайганларнинг 11 нафари эркак, 13 нафари эса аёллардир, уларнинг барчаси коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Шунингдек, тузалганларнинг барчаси Самарқанд вилоятидан (8 нафари Самарқанд шаҳридан, 5 нафари Оқдарё туманидан, 4 нафари Самарқанд туманидан, 2 нафардан Пайариқ ва Иштихон туманларидан, 1 нафардан Тойлоқ, Пастдарғом ва Жомбой туманларидан). Улар орасида энг ёши каттаси 51 ёшда бўлса, энг кичиги 2019 йилда туғилган.

Самарқанд вилоятида шу пайтга қадар 178 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 202 нафарга етди.

Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 2412 нафарни ташкил қилаётган эди. Эндиликда улар сони 2438 нафарга етди.

Касалланганларнинг умумий сони эса 22 май соат 10:00 ҳолатига кўра 3006 кишини ташкил қилмоқда. Мамлакатда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат аниқланганидан бери 13 нафар бемор касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.