Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани ҳокими Шунқор Худойбердиевнинг қарорига кўра, 21 май куни соат 19:00 дан бошлаб Жума шаҳрига туманнинг бошқа ҳудудларидан кириб-чиқиш ва транспорт воситаларида ҳаракатланиш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда «Дарё»га туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Мазкур тақиқ туман аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясининг туман ҳудуди бўйлаб тарқалишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилган.

Маълумот учун, Самарқанд вилоятининг шаҳар ва туманларидаги эпидемиологик вазият бўйича Пастдарғом тумани «қизил» ҳудудга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти ҳам «қизил» ҳудуд эканлиги таъкидланиб, 13 майдан карантин қоидалари кучайтирилганди.