Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг Сирдарё вилояти аҳолиси билан мулоқотидан сўнг 190 нафар сирдарёлик маданий ҳордиқ чиқариш учун Андижонга олиб келинди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Умиджон Мамарасулов хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»

Таъкидланишича, Мирзаобод тумани «Навбаҳор» маҳалласидан келган меҳмонлар 20 май куни кутиб олинган ва Хонобод сиҳатгоҳига жойлаштирилган.

Фото: «Дарё»

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бўлим бошлиғи Омина Ибрагимованинг айтишича, 130 нафар хотин-қиз ва 60 нафар бола карантин қоидаларига амал қилган ҳолда соғломлаштириш, маданий-маърифий ва спорт тадбирларида иштирок этади. Андижон вилоятининг диққатга сазовор жойларини томоша қилади.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Вилоят ҳокимлигининг маълум қилишича, Сардоба тошқини оқибатларини бартараф этишда яқиндан кўмаклашиш мақсадида 800 нафар қурувчи билан Сирдарё вилоятига борган Шуҳрат Абдураҳмонов 16 май куни тошқиндан жабр кўрган Мирзаобод тумани «Навбаҳор» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашган.

Учрашувда ҳудудда қад ростлайдиган шинам, барча қулайликларни ўзида мужассамлаштирган, алоҳида томорқасига эга бўлган, ўзбекона урф-одатларга биноан тандир-у ўчоқларига эга бўлган хонадонлар лойиҳаси тақдим этилган.

Фото: «Дарё»

Бундан ташқари, Андижон ҳокими тошқиндан зарар кўрган уйлар бир ой муддатда таъмирдан чиқарилишини айтиб, навбаҳорлик аёлларни бу муддат ичида Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридаги сўлим дам олиш масканида ҳордиқ чиқаришга таклиф қилган.