АҚШда худди такси каби мижозларнинг олдига ўзи бориши мумкин бўлган самокатларни ижарага бериш бошланди, деб ёзади The Verge.

Фото: Hi-Tech.Mail.ru

Кўплаб йирик шаҳарлар электросамокатлар ижарасига ўрганиб қолган. Яқин атрофда турган самокатни ижарага олиш, унинг ёрдамида керакли манзилга етиб бориб, бошқа бир мижоз ундан фойдалангунига қадар ташлаб кетиш мумкин. Американинг Go X сервиси самокатлар ижрасини етказиб беришни йўлга қўйди.

Мазкур сервис такси принципида ишлайди — мобил иловани очиш ва буюртмани расмийлаштириш керак, шунда самокатнинг ўзи масофадан туриб бошқарилиш ҳисобига мижознинг олдига келади. Самокатлар 3 минг километр узоқликда — Мехикодаги офисда ўтирган махсус ходимлар бошқаради.

Фото: Hi-Tech.Mail.ru

Операторлар масофадан туриб камера ва датчиклар ўрнатилган электросамокатларни интернет орқали бошқаради — бунда оддий Xbox ўйин консолидаги геймпаддан фойдаланилади. Самокат чидамли бўлиши учун унга қўшимча ғилдирак ўрнатилган.

Тажриба доирасида Go X сервиси ҳозирда 100 та электросамокатни Атланта шаҳри яқинида жойлашган Peachtree Corners бизнес-боғида масофадан бошқармоқда.

Фото: Hi-Tech.Mail.ru

Келажакда бу турдаги электросамокатларни тўлиқ автоном қилиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, бу самокатларни йиғиб, қувватлантириш билан боғлиқ муаммони ҳам ҳал қилади. Автоматик бошқарилувчи самокатларнинг қувватланиш ва таъмир учун ўзи станцияга кела олади.