Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг 2020 йил Рамазон Ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёноти эълон қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси ва Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда жума намози ўрнига уйда пешин намозини, беш вақт намоз ва Рамазон ойидаги таровеҳ намозини уйда ўқиш ҳақидаги тавсиялар айни Рамазон Ҳайити намозига ҳам тегишлидир.

«Шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади», — дейилади баёнотда.

Шу сабабли 2020 йилги Рамазон Ҳайити намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади. Ўзбекистонликларга Ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилади.

Шунингдек, Ҳайит арафасида ва байрам кунлари ёши улуғ кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳамда Ҳайит билан табриклаш ва бошқа миллий урф-одатлар билан боғлиқ анъаналарни карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш тавсия этилган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев Рамазон Ҳайитини нишонлаш ҳақидаги қарорида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2020 йилда Рамазон Ҳайитининг илк куни 24 майга тўғри келиши ҳақидаги қарори инобатга олиниб, бу кун мамлакатда байрам сифатида нишонланиши белгиланган эди.

Саудия Арабистони муфтийсининг Ҳайит намози бўйича фатвоси эълон қилинди.