Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси қайтариб бермаслик шарти асосида давлат бюджетига 100 миллион доллар маблағ ажратади. Бу маблағ Сирдарёдаги сув тошқини оқибатида жабрланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани тиклаш чора-тадбирларини молиялаштиришга йўналтирилади. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар берди.

Маълум қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатида жабрланган фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани тиклаш чора-тадбирларини молиялаштириш бўйича қарорни имзолади.

Қарорга кўра, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қайтариб бермаслик шарти асосида давлат бюджетига 100 миллион доллар эквивалентидаги маблағлар ажратилади.

Ушбу маблағлар қуйидаги мақсадларга йўналтирилади:

  • Сув хўжалиги вазирлигига — талафот кўрган ҳудудларда сув тошқини оқибатида издан чиққан ирригация ва мелиорация объектларини тиклаш, шу жумладан, коллекторлар, дренаж ва дренаж қудуқларини, мелиоратив насос станцияларини таъмирлаш ва тозалаш ишлари учун;
  • Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасига — талафот кўрган ҳудудларда йўл-транспорт инфратузилмасини қуриш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари учун;
  • Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига — талафот кўрган ҳудудларда тоза ичимлик суви ва канализация тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари учун;
  • Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига — Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида уй-жойи бузилган ёки яшаб бўлмайдиган аҳволга келган оилаларга 2020—2021 йиллар давомида кўп қаватли уй-жойларни қуриш ҳамда қуриб битказилган ва сотилмаган кўп қаватли уй-жойлардаги хонадонларни эгаликка бериш учун;
  • Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигига — Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида ижтимоий соҳа объектларини (мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблар, тиббиёт муассасалари ва бошқалар) қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари учун.

Вазирлар Маҳкамасига ўн кун муддатда Президент Администрациясига Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида Мудофаа ва ҳуқуқ тартибот органларнинг тадбирлари учун кўзда тутилган жами 1,15 триллион сўмгача бўлган бюджет маблағларини оптимизация қилиш бўйича таклиф киритиш вазифаси юклатилган.

Оптимизация қилинган маблағлар қуйидагиларга йўналтирилади:

  • 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига мувофиқ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича харажатлар ҳисобидан қуйидагиларга ажратилган маблағлар ўрнини қоплаш учун;
  • Президентнинг 1 майдаги Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига ажратилган 100 миллиард сўм;
  • 2019 йил 1 декабрга қадар хусусий шериклар томонидан нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари 25 фоиздан кам бўлмаган ҳажмда бажарилган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар бўйича кредитларни молиялаштириш учун ажратилган 182 миллиард сўм;
  • Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, бошқа мақсадларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ер участкалари олиб қўйилиши ҳамда кўчмас мулк объектларининг бузилиши оқибатида етказилган зарар миқдори бўйича вужудга келган қарздорликни қоплаш учун Жиззах, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона вилояти ҳамда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ажратилган 352,7 миллиард сўм;
  • «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»га оид давлат дастурига асосан янги ташкил этиладиган кичик саноат зоналарига барча зарур инфратузилмаларни етказиб бериш учун кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияларига ажратилган 85,3 миллиард сўм;
  • Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича чоралар тўғрисидаги Президент фармойишига асосан Бухоро вилояти маҳаллий бюджетига 130 миллиард сўм ажратиш (шу жумладан, олдин ажратилган 100 миллиард сўм ўрнини қоплаш) учун;
  • Президентининг 1 майдаги «Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора- тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ер майдонларини фойдаланишга киритиш учун туман бюджетларига ажратилган 300 миллиард сўм.

Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида қурилаётган кўп қаватли уй-жойлар ҳамда ижтимоий соҳа объектларига электр тармоқлари, табиий газ қувурлари ва алоқа тармоқларини тортиш ишлари тегишли «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ўзбектелеком» АК маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланди.

Маълумот учун, Сирдарё вилоятидаги сув тошқини оқибатларини бартариф этиш учун камида 1,5 триллион сўм керак бўлиши мумкин. Жабрланган аҳоли учун қурилиши режалаштирилган 66 та кўп қаватли уйни қуришга 950 миллиард сўм йўналтирилади. Бухоро вилоятидаги кучли шамол оқибатида етказилган талафотлар зарари 141,6 миллиард сўм миқдорида баҳоланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев сардобаликлар билан учрашувда сув тошқини оқибатида зарар кўрган уйлар давлат томонидан бепул таъмирлаб берилишини, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолишини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, шу куни сув тошқинидан жабр кўрган 4,5 мингдан ортиқ хонадон эгаларига 40 миллион сўмлик моддий ёрдам сертификати, маиший техника тўплами учун сертификат ва ичида пул маблағи бўлган банк карточкалари тарқатилиши маълум қилинди.