ФВВ матбуот котиби Мурод Содиқовнинг брифингда берган маълумотига кўра, Сардоба фалокатидан талафот кўрган ҳудудларни тиклаш учун 11 минг нафардан ортиқ қурувчи ва ҳашарчилар кўмакка етиб борган.

Фото: Марказий ҳарбий округ

Миллий гвардия бўлим бошлиғи Тўлқин Қодиров эса қурувчи ва ҳашарчилар жойлашган 17 та объектда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлашга Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги тизимидан 120 нафар ходим жалб қилинганини билдирган.

Қодировнинг сўзларига кўра, сув тошқини оқибатларини бартараф этиш тадбирларига Миллий гвардиянинг 2,5 минг нафардан ортиқ шахсий таркиби, 140 га яқин махсус техника ва транспортлари жалб этилган.

3 мингдан ортиқ хонадонлардан фуқаролар юклари кўчирилган, қурилиш чиқиндилари олиб чиқилган. Сардоба туманининг «Дўстлик» маҳалласида 715 та хонадонда кўчириш ва тозалаш ишлари якунланган. Бу ердан 762 та ҳужжат топилиб, ўз эгаларига топширилган. Тошқин оқибатида 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган.

Эслатиб ўтамиз, техноген офат оқибатида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида 2570 та уй-ҳовли ва 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган эди.

Шунингдек, 1781 та ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган. 70 та ижтимоий объект, 20 минг гектарга яқин экин майдони, 828 километр йўл, электр, газ, ичимлик суви, алоқа тармоқларига талафот етган.

Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида уй-жойлари бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган аҳоли учун 3 та массивда жами 2 минг 640 квартирали 66 та 5 қаватли уй қурилиши режалаштирилган.

Маълумот учун, Сардоба сув омборидаги сув тошқинидан сўнг унинг атрофида жойлашган аҳоли пунктларидан 70 мингга яқин фуқаро Сирдарё вилоятининг бошқа ҳамда Жиззах вилояти ҳудудларига эвакуация қилинган (хавф бартараф бўлгани боис, аҳоли аста-секин уйларига қайтмоқда); ҳодиса оқибатида камида 56 киши турли даражада тан жароҳати олган, тошқин зонасида қолиб кетган юзлаб одамлар қутқарилган.

Вилоятда фалокат оқибатида зарар етган электр энергияси таъминотини таъмирлаш ишлари 4 май куни бошланган эди. 8 майга бориб 10 мингдан ортиқ хонадоннинг электр таъминоти тикланганди.

Эслатиб ўтамиз, 15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев сардобаликлар билан учрашувда сув тошқини оқибатида зарар кўрган уйлар давлат томонидан бепул таъмирлаб берилишини, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолишини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, шу куни сув тошқинидан жабр кўрган 4,5 мингдан ортиқ хонадон эгаларига 40 миллион сўмлик моддий ёрдам сертификати, маиший техника тўплами учун сертификат ва ичида пул маблағи бўлган банк карточкалари тарқатилиши маълум қилинди.