Ҳеч ким мукаммал эмас, шунчаки кимлардир ўзини борича қабул қилади, бошқалар бўлса кўниколмайди холос. Қуйидаги моделлар эса нима бўлишидан қатъи назар ўз ташқи кўринишидан уялмаслик кераклигини исботлайди.

Винни Харлоу

Фото: Getty Images

Винни Харлоу бугунги кунда мода оламидаги энг талабгир моделлардан бири ҳисобланади. Бунга Виннининг ўзига хослиги сабабдир. Модель болалигидан тери касаллигидан азият чеккан. Бошқаларга хос бўлмаган кўриниши сабаб синфдошлари уни «зебра» деб масхара қилган. Харлоу ўзи шундоқ ҳам англаб турган камчиликни бошқалар қўли билан кўрсатиши, устидан кулишидан руҳан эзилган, ҳатто жонига қасд қилмоқчи бўлган. Кейинчалик ўзида куч топиб, ўз устида ишлаган. У мода оламига қадам қўйгунига қадар мусиқа ва балет билан ҳам шуғулланиб кўрган. Унинг ҳаёти буткул ўзгариб кетишига YouTube юлдузи Шеннон Будрем сабабчи бўлган. Виннининг суратини кўриб қолган Шеннон уни клипда суратга тушишга таклиф қилган. Клипдан кейин Америcаъс Next Топ Модель шоусининг продюссери Тайра Бенкс янги мавсумда иштирок этишни таклиф қилган. Шундан кейин Харлоуга ҳамкорлик борасида таклифлар ёғила бошлаган. Бугунги кунда Винни ўз касали билан боғлиқ қийинчиликларни ирода билан енгишдан ташқари бу каби касалликдан азият чекаётганларга ҳам кўмаклашади.

Ким Кардашян

Фото: Getty Images

Ташқи кўриниши ва молиявий ҳаётига аксари кишилар ҳавас билан қарайдиган Кимда ҳам ўзига яраша муаммолар бор. Бундан ўн йиллар аввал Кардашянга қипиқли темиратки — псориаз ташхиси қўйилган. Бу касаллик тери қичимаси ва тошма тошиш билан намоён бўлади. Ким узоқ вақт давомида ушбу муаммо билан курашган, турли восита ва услулларни синаб кўрган, лекин буларнинг бари ҳеч қандай самара бермаган. Охири Кардашян касалликка кўникишга ва буни атрофдагилардан яширмасликка қарор қилган. У ўз микроблогига юзи ва танасининг бошқа қисмларида тошмалар акс этган суратни жойлаб, ўзини борича қабул қилишини билдирган.

Эшли Грем

Фото: Getty Images

Эшли ортиқча килолар муваффақиятга эришиш ва машҳур бўлиш учун қаршилик қила олмаслигининг ёрқин исботи. У 14 ёшидаёқ Wилҳелмина Моделс агентлиги билан шартнома имзолаган ва энг таниқли ортиқча вазнга моделлардан бирига айланган. Грем ўзини бор камчиликлари — танасидаги селюллитлар, ортиқча кило ва бурмалари билан яхши кўришини таъкидлайди. Модель мунтазам равишда спорт билан шуғулланади ва тўғри овқатланишга амал қилади, лекин буларга саломатлиги учун амал қилишини қўшимча қилади. Эшли ўз мухлислари ва бошқа қизларни ҳам нима бўлишидан қатъи назар ўзларини яхши кўриш ва борича қабул қилишга чақиради.