Коронавирус инфекциясига қарши курашда Тожикистонга ёрдам бериш мақсадида касалликка чалинган беморларни самарали даволашда катта тажриба ва малакага эга бир гуруҳ шифокорлар қўшни республикага йўл олган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларнинг Ўзбекистонга қайтганини хабар қилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Хабарга кўра, мутахассислар иштирокида Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари ҳамда шифокорлари иштирокида қатор анжуманлар ташкил этилган, уларда Ўзбекистондаги эпидемик вазият ва касалликнинг олдини олишда амалга оширилган чора-тадбирлар ва эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берилган. Касалликка чалинган беморларни самарали даволаш, шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш, гигиена қоидаларига риоя қилиш ва шифохоналарда зарарсизлантириш тадбирларини амалга ошириш тартиб-қоидалари бўйича мастер-класс машғулотлари ҳам ўтказилган.

Ўзбекистондан борган анестезиолог-реаниматолог, пульмонолог, эпидемиолог, инфекционист, вирусолог каби мутахассислар тожикистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда қатор тавсиялар ишлаб чиқди ва шу асосда самарали чора-тадбирлар амалга оширилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Шифокорларнинг сўзларига кўра, Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида коронавирус инфекцияси бўйича республикадаги вазиятни ўрганиш, зарур бўлганда, қўшимча чора-тадбирларни режалаштириш ва оғир беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тадбирларини амалга ошириш мақсадида марказий гуруҳ ташкил этилган. Тожикистонда аҳоли томонидан коронавирус инфекцияси бўйича тушган мурожаатларни зудлик билан кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун Ўзбекистон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Call-марказ фаолияти йўлга қўйилди. Мобил компаниялар орқали аҳолини коронавирус касаллигидан ҳимоя қилиш мақсадида тизимли равишда SMS тарғибот ишлари бошланган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бундан ташқари, ташриф доирасида Тожикистон ССВ, вилоят, туман даволаш профилактика муассасаларининг раҳбарлари ва юқумли касалликлар шифохоналарининг мутахассислари иштирокида қатор онлайн видеомулоқотлар ўтказилган.

Тожикистонда бўлиб қайтган тиббий гуруҳ таркибидаги 8 нафар тиббиёт ходими Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Ўзбекистон коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун Тожикистонга шифокорлар гуруҳини 8 майда жўнатганди.