Тошкентда Мажбурий ижро бюроси томонидан қарийб 350 миллион сўм миқдоридаги маблағ Laintex Veterani, S.A. фойдасига тўлиқ ундирилди. Бу ҳақда бюро матбуот хизмати хабар берди.

Фото: МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси

Тошкент туманлараро Иқтисодий судининг 2018 йил 19 ноябрдаги ижро варақасига кўра, қарздор «Уззоветтаъминотхизмат»дан ундирувчи Laintex Veterani, S.A. фойдасига жами 37,8 минг евро миқдорида қарз ундириш ҳақидаги ижро иши 2020 йил 11 март куни Мажбурий ижро бюросининг Яшнобод туман бўлими иш юритувига олинган.

Бўлим давлат ижрочиси Х.Алибеков томонидан мазкур ижро ҳужжати «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннининг 23-моддасига асосан қўзғатилган ва томонлар хабардор қилинган.

Давлат ижрочиси томонидан қарздорнинг рўйхатдан ўтиш гувоҳномаси, асосий воситалар рўйхати, низом жамғармаси, дебитор рўйхати, таъсис ҳужжатлари тўлиқ ўрганилиб, қарздорга тегишли бўлган барча ҳисоб рақамлар ва бошқа моддий қийматликларга тегишли тартибда банд солинган. «Ижро ҳаракатлари давомида давлат ижрочисининг қарздорга қарздорликни бартараф этиши юзасидан қонуний тушунтируви давомида қарздор барча ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлиқ англаб, қарздорликни тез фурсатларда бартараф этди», — дейилади хабарда.

19 май кунги тўлов топшириқномасига асосан, 37,8 минг евро миқдоридаги қарз маблағлари сўмдаги қийматда ҳисобланилиб, 349 миллион 716 минг сўм миқдорида ундирувчи Laintex Veterani, S.A. фойдасига тўлиқ ундирилди. Шунингдек, қарздор корхонага нисбатан солинган мавжуд чекловлар дарҳол бекор қилинган.