Volvo — хавфсизлик ҳақида максимал даражада қайғурадиган компаниялардан бири ҳисобланади. Компания маҳсулотлари узоқ йиллар давомида энг хавфсиз машиналар сифатида тан олиб келинган. Бироқ Volvo бир жойда тўхтаб қолмай янги машиналарида тезликни чеклашга қарор қилди, деб хабар беради IXBT.

Фото: IXBT

2019 йилда компания янги машиналарга максимал тезлик 180 км/соатдан ошмайдиган чеклов ўрнатилишини маълум қилганди. Куни кеча швед автомобилсозлик компанияси мазкур чеклов жорий этилганини билдирди. Эндиликда Volvo конвейридан чиққан ҳар бир янги автомобиль 180 км/соатдан тез ҳаракатлана олмайди. Гап янги моделлар ҳақида эмас, балки компаниянинг барча янги автомобиль нусхалари ҳақида кетмоқда.

Шу билан бирга, Volvo’нинг ҳар бир автомобили ўз эгасига машинани бошқа бир ҳайдовчига бераётганида тезликни қўшимча равишда чеклаш имконини берадиган Care Key функциясини қўллаб-қувватлайди. Масалан, автомобиль эгаси калитни рафиқаси ёки фарзандига бераётганида соатига 100 ёки 120 километрдан ошмайдиган қилиб, тезликни чеклаб қўйиши мумкин.