Андижондаги «Регистон» сайилгоҳида дрондан рухсатномасиз фойдаланиб, клип олмоқчи бўлган операторга уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлангани, бироқ тегишли моддаларга асосан озодликдан маҳрум қилиш жазоси алмаштирилиб, бир йил синов муддати белгилангани хабар берилганди.

Фото: «Дарё»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев операторнинг қонунбузарлигини кинояли равишда «йил жинояти» деб атади. У Ўзбекистон қонунчилигида арзимаган ҳаракатлар учун ҳам шартта жиноий жавобгарликка тортиш ҳолатлари ҳалиям борлигини афсус билан таъкидлади.

«Тўғриси, Андижон шаҳридаги ‘Регистон’ сайлгоҳида дрондан рухсатномасиз фойдаланиб, клип олмоқчи бўлган операторнинг салкам ‘йил жиноятчиси’га айланиб қолгани ҳақида ўқиб, на кулишни, на йиғлашни билмайсан. Сабаби ҳар қандай ҳаракатнинг ҳуқуқий оқибатига қараб жавобгарлик белгиланиши керак», — деган у.

Депутат шу кунга қадар дрондан фойдаланишнинг жамият ва давлат учун қандай оғир оқибат олиб келиши мумкинлигини тушунмаслигини таъкидлаган. «Рухсат олса хавфсиз, рухсат олмаса хавфли. Худдики, автомобиллар ‘тонировка’си каби: пулини тўласанг хавфсиз ҳайдовчисан, тўламасанг хавфли ҳайдовчи», — дейди у.

Расул Кушербаев Тошкентда Янги йил кечаси учирилган «дронлар шоуси» давлат ва жамият учун ҳеч қандай хавф туғдирмаганини эслатиб ўтди.

«Клип олиш учун дрондан фойдаланишнинг оқибати ҳам ўша ‘дронлар шоуси’ каби баҳоланиши керак. Чунки моҳиятан битта ҳолатга иккита кўз билан қўшстандарт услубида қараш адолатсизлик, деб тушунилади», — дейди депутат.

Унинг фикрича, бу каби жазоларни жиноят қонунчилигидан бутунлай чиқариш ва нари борса маъмурий тартибдаги жавобгарликка ўтказиш керак. «Бу гапим мантиқсиз ‘тонировка’ чекловига тегишлимас, уни бутунлай бекор қилиш керак», — деди Кушербаев.

Шу билан бирга, дрон масаласида жавобгарликни жиноят даражасида белгилашда депутатларнинг ҳиссаси катталигини, чунки қачонлардир истар-истамай бунга овоз берганларини тан олган. «Бироқ ўша вақтнинг талаби ва зарурати нима билан боғлиқ бўлганини ҳозир билмайман. Бугун эса бу — бугун», — дея сўзларини якунлаган у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2015 йил 1 январдан учувчисиз учадиган қурилмаларни олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланишга нисбатан тўлиқ тақиқ жорий этилган. Фақат рухсатномаси бор алоҳида юридик шахсларгина дронлардан фойдаланиши мумкин.

2018 йил май ойида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида фото ва видеоматериаллар тайёрлаш учун хорижий ижодий гуруҳлар томонидан учувчисиз учадиган қурилмалар, хусусан, дронларни олиб киришга вақтинча рухсат берилган.