АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатнинг Очиқ осмон бўйича келишувдан чиқишини эълон қилганди. АҚШ давлат котиби Майкл Помпео келишув олти ойдан кейин бекор қилинишини билдирди, деб хабар қилган «РИА Новости».

Фото: The Citadel Today

Шунингдек, у Россия шартномага амал қила бошласа, Оқ уй ўз қарорини ўзгартириши мумкинлигини таъкидлаган.

Помпеонинг сўзларига кўра, Россия АҚШ ҳамда келишувни имзолаган бошқа иштирокчилардан фарқли равишда намойишкорона ва шартнома шартларини турли йўллар мунтазам билан бузиб келган. Помпео Россияни ўз ҳудудида парвозлар амалга оширилишига йўл бермагани ёки ўзи истаган вақтда келишув доирасидаги парвозларни чеклаб қўйганликда айблаган.

Унинг айтишича, Москва Абхазия ва Жанубий Осетия билан чегаралардаги 10 километрлик йўлакда парвозларнинг амалга оширилишига қаршилик қилган, шунингдек, Калининград устида учган самолётлар масофасига чекловлар ўрнатган. Шу билан бирга, Помпео Россиянинг 2019 йилда АҚШ ҳамда Канада томонидан катта ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказиладиган ҳудудда парвозларни амалга оширишига тўсқинлик қилганини таъкидлаган.

Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Александр Грушко келишувнинг Москва томонидан бузилмагани, шунингдек, Россия томони бу каби техник баҳоналар билан келишувдаги мезонларни бузишга уринишни ёқламаслигини билдирган.

У мулоқотни давом эттириш учун келишувдан чиқмаслик зарурлиги, бироқ шартномани бекор қилишда техник масалалар ечими ҳисобга олиш имконсизлигини қайд этган. Дипломат Очиқ осмон келишуви Европада 20 йилдан бери тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилгани ва ҳарбий хавфсизлик тизимининг бир қисмига айлангани ва бунда барча омиллар муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтган.

Россия Давлат думасининг халқаро масалалар бўйича қўмитаси раҳбари Леонид Слуцкий РФда АҚШнинг очиқ осмон келишувидан чиқиш ҳақидаги қарорига муносиб жавоб борлиги ва ушбу чоралар миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилишини билдирган.

Очиқ осмон келишуви 1992 йилда имзоланган ва совуқ уруш давридан кейин Европада давлатлар ўртасида ўзаро ишончнинг мустаҳкамланишига хизмат қилганди. 35 та давлат ушбу халқаро шартноманинг аъзолари ҳисобланади.

Шартномага 2002 йилдан бери амал қилиб келинмоқда ва унга мувофиқ иштирокчи мамлакатлар бир-бирларининг ҳарбий салоҳияти ва бу борадаги чора-тадбирлари ҳақида маълумотларга эга бўлиши мумкин.