Безгакка ва ревматологик касалликларга қарши гирдоксихлорохин препарати юрак-қон томир тизимида юкламани ошириб, COVID-19’ни даволашда ўлим кўрсаткичининг ошишига сабаб бўлмоқда. Бутун дунёда гидроксихлорохин билан даволаш статистикасини таҳлил қилган олимлар шундай хулосага келган. Мазкур тадқиқотнинг натижалари Lancet тиббиёт нашрида эълон қилинган.

Фото: «Дарё»

Тадқиқотда бутун дунёдаги 671 та касалхонада даволанаётган 96 минг нафар беморнинг маълумотлари таҳлил қилинган. Шундан 14 888 нафари гидроксихлорохин ёки хлорохин дорисини, антибиотиклар билан ёки уларсиз қабул қилган, 81 144 кишига эса ушбу дорилар берилмаган ва улар алоҳида назорат гуруҳига олинган.

Таҳлиллар натижаси бўйича назорат гуруҳида ўлим кўрсаткичи 9,3 фоизни, дориларни қабул қилган гуруҳда эса 16 фоиздан 23,8 фоизгача бўлган оралиқни ташкил қилган. Беморларнинг аксар қисми юрак-қон томир тизимидаги муаммолар, жумладан, аритмия оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

19 майда АҚШ президенти Дональд Трамп гидроксихлорохинни коронавирус инфекциясига қарши профилактика қилиш учун ичаётганини маълум қилган. Трамп Оқ уйдаги шифокор унинг ушбу препаратни қабул қилишига қарши бўлмаганини қайд этган.

АҚШ озиқ-овқат маҳсулотлари ва дорилар назорати бошқармаси гидроксихлорохинни фақат касалхона шароитида қўллашни тавсия қилган.