11 май куни Сенатда ҳисобот берган бош прокурор Ниғматулла Йўлдошев маърузасида жиноятларни қасддан яшириш ҳолатлари, бедарак йўқолган фуқароларнинг аксар қисми қотиллик қурбонига айланганини қайд этган.

Фото: «Дарё»

Хусусан, 2019 йилда содир этилган жиноятларни қайд этмай, қасддан яширганлик ҳолати бўйича 25 нафар ички ишлар ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг 21 нафари суд тартибида жавобгарликка тортилгани эслатиб ўтилган.

Бедарак йўқолган фуқароларга оид масала ҳам оғриқли экани таъкидланган. 2019 йилнинг биринчи ярмида фуқароларнинг бедарак йўқолганлиги факти бўйича 7 та жиноят иши қўзғатилган бўлса, йилнинг кейинги олти ойида бу миқдор 8 баробарга кўпайиб, 54 тани ташкил этган. Уларнинг бештаси фош қилинган, ачинарлиси, бешаласи ҳам қотиллик жинояти экани аниқланган.

Бош прокурор ўз маърузасида 2006 йилда чирчиқлик фуқаро Қамчиқбоева таниши Ҳусаиновга қарзга берган 300 АҚШ долларини сўраб борганида қарздор томонидан ўлдириб юборилгани, шундан кейин аёлни қидириб унинг укаси, сўнг онаси Ҳусаиновнинг олдига боргани ва улар ҳам қотиллик қурбонига айлангани (кейинчалик қотил ҳар учала қурбонининг жасадини Чирчиқ дарёсига ташлаб юборгани аниқланган) ҳақида гапирган.

«Ҳамма бало шундаки, бир оиланинг уч аъзоси йўқолгани ҳақида уларнинг яқинлари берган ариза Чирчиқ шаҳар ИИБда қайд қилинмай, йўқ қилиб юборилган! Яққол кўриниб турган қотиллик юзасидан 13 йил давомида текширув ва қидирув ишлари сансалорликка солиб келингани оқибатида Ҳусаинов ўтган вақт давомида яна учта фуқаронинг умрига зомин бўлишга, шунингдек, вояга етмаган бир қизнинг номусини топташга улгурган.

Агарда Ҳусаиновнинг биринчи жинояти ўз вақтида фош этилганида эди уч нафар фуқаро қотиллик қурбонига, ёш қизча эса жабрланувчига айланмаган бўларди», – деган бош прокурор.

Қотил содир этган жиноятлари учун умрбод озодликдан маҳрум этилган.