Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда «Адолат» партияси депутати, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов маълум қилган.

Фото: «Дарё»

Лойиҳа билан соҳага бир қатор муҳим янгиликларни жорий этиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, кодексга «Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги жамоатчилик назорати» номли янги боб киритилади. Унда, жумладан, ер участкаларидан фойдаланишда, қурилишга рухсат беришда, аҳоли пунктлари, бино ва иншоотларни лойиҳалаш ҳамда қабул қилишда, фуқаролар манфаатларига дахлдор бўлган масалаларни ҳал қилишда аҳолиси томонидан жамоатчилик муҳокамалари ва эшитувлари ўтказилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳада қайси ҳолларда фуқаролардан ер участкаларини олиб қўйиш мумкинлиги белгиланмоқда.

Хусусан, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ерлар:

  • ерларни мудофаа ва давлат хавфсизлиги, қўриқланадиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари учун, эркин иқтисодий зоналарни яратиш ва фаолият кўрсатиши учун бериш;
  • Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларини бажариш;
  • фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва ишлаш;
  • автомобиль ва темир йўллар, аэропорт, аэродром, аэронавигация объектлари ва авиатехник марказлар, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитен туннеллари, энергетик тизим ва электр узатиш линиялари объектлари, алоқа линиялари, космик фаолият объектлари, қувур ўтказгичлар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилиши;
  • таълим ва даволаш муассасалари, интернатлар ва меҳрибонлик уйларини, жумладан, давлат-хусусий шерикчилик доирасида қуриш;
  • майдонлар, шунингдек, истироҳат боғлари, аллея, булвар, дам олиш зоналари, кўллар, сув омборлари, ҳовузлар ва бошқа рекреация объектларини қуриш;
  • аҳоли пунктлари бош режаларини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағларидан ва давлат ташкилотлари маблағларидан молиялаштириладиган объектлар қисмида бажариш учун олиб қўйилиши мумкин.