Коронавирус пандемияси Айдаркўлда ноёб балиқлар ва ўсимликларнинг кўпайишига хизмат қилди. Бу ҳақда «Xabar.uz» нашри маълумот берган.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Ўзбекистонда 15 минг 700 га яқин ҳайвон, 4 минг 500 та олий навли ўсимлик тури учрайди. Навоий вилояти ҳудудидаги Тўдакўл ва Айдаркўл сув ҳавзалари жойлашган ҳудудларда ҳам фитопланктон, зоопланктон, дафна, клоротка каби сувости ўтларига ҳамда Мойина Бентос қатлами микроорганизмларига бой. Шунингдек, ўсимлик дунёсидан қамиш, юлғун, саксовул ва бошқа турдаги ёввойи турдаги ўсимликлар ўсаётганлиги кузатилади.

Тўдакўл ва Айдаркўл сув ҳавзалари атрофида ўрдакларнинг барча турлари, ёввойи ғозларнинг учта тури, каклик, қирғовул, икки турдаги баклан, қорабаур, тулки, қуён, бўрсиқ, ёввойи чўчқа ва бошқа турдаги жами 100 дан зиёд ёввойи қушлар ва ҳайвонлар яшаётганлиги кузатилди. Ушбу кўлда, асосан, оқ амур, зоғорабалиқ, илонбалиқ, икки турдаги дўнгпешона, лаққа, оқча, тобон, вобла каби турдаги балиқлар мавжуд.

Навоий вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассиси Зубайда Душанованинг маълум қилишича, коронавирус пандемияси туфайли Ўзбекистонда жорий қилинган карантин даврида антропоген омиллар таъсирининг сусайиши сабабли табиий сув ҳавзалари инсоният томонидан ифлосланиши камайган. Бу ўсимлик ва ҳайвонот оламининг яхшиланишига, жумладан, табиий сув ҳавзаларида, сув остида ўсадиган йигирмадан ортиқ турдаги ўтлар – хара, хламидомонада, улотрикс, спирогира, кладофора; балиқ турларидан зоғорабалиқ, оқ амур, дўнгпешона, лаққа, судак, вобла каби балиқ чавоқлари тури кўпайиши кузатилган.