Британиялик блогер Крис Диксон ўзининг Мяунуэль Нойер лақабли мушуги дарвоза томон йўлланаётган зарбаларни қай тариқа бартараф этаётганини намойиш қилди. Дарвоза томон 11 марта зарба йўллаган блогер бирор марта ҳам гол ура олмаган.

«Мушукни Мяунуэль Нойер деб атаб хатога йўл қўйганимни билардим», — дея видеога изоҳ қолдирган Крис.

Мяунуэль ижтимоий тармоқларда тезда машҳурликка эришди. Унинг сейвлари «Бавария» клубига ҳам ёққан. Мюнхенликлар клуби видеони ўз Twitter’ига жойлаган ҳолда, мушукнинг ҳаракатларини ақл бовар қилмас деб атаган.

Қизиғи шундаки, эртаси куни «Бавария» дарвозабон Мануэль Нойер билан 2023 йилга қадар мўлжалланган янги шартнома имзолаганини эълон қилди. Томонлар узоқ вақтдан буён келишувга эриша олмаётганди. Дарвозабон ва унинг агенти бир неча бор «Бавария»ни тарк этиш эҳтимоли ҳақида гапирганди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!