«Ўрикзор» бозоридаги озиқ-овқат дўконида сотувчи бўлиб ишловчи фуқарода коронавирус инфекцияси тасдиқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан хабар беришларича, айни пайтда ушбу бемор билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар қатъий карантин кузатувига олинган.

«Шунга кўра, ‘Ўрикзор’ савдо мажмуасида эпидемиологик суриштирув ишларини ўтказиш ҳамда касаллик тарқалишининг олдини олиш, бозорда эпидемияга қарши ва профилактик тадбирларни ташкил қилиш ҳамда таъмирлаш, санитар тозалаш ва зарарсизлантириш ишларини ўтказиш мақсадида Учтепа тумани ҳокимлиги билан келишилган ҳолда бозор маъмурияти томонидан савдо мажмуаси фаолияти вақтинча тўхтатилди», — дейилади ССВ ахборотида.

Расмий ахборотда сотувчида касаллик айнан қачон аниқлангани, у айнан қаерда истиқомат қилиши, ҳозиргача неча киши карантинга олингани ҳақида батафсил ахборот берилмаган. Таъкидлашларича, эпидемиологик суриштирув якунланиб, санитар тозалаш ва зарарсизлантириш тадбирлари амалга оширилгач, бозор фаолиятини давом эттиради.

Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Малика Қудратхўжаеванинг таъкидлашича, «Ўрикзор» бозорида 789 фуқародан профилактика мақсадида коронавирус инфекциясига лаборатор таҳлиллар учун суртма намуналар олинган. Умуман, ҳозиргача Тошкентдаги деҳқон бозорлари ва йирик савдо мажмуаларида ишловчи 6251 фуқаро — ишчи-ходимлар, сотувчилар ҳамда юк ташувчилар коронавирусга текширилган.