«Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» информацион дастури 22 май соат 21:00 даги сонида мухбир Шаҳло Эргашеванинг Тошкентда янги очилган уч қаватли транспорт боғламаси ҳақидаги репортажи эфирга узатилди. Репортаж давомида иншоотни таърифларкан, мухбир, жумладан, шундай деди: «Ушбу объект Марказий Осиёда уч қаватли бўлган ягона транспорт иншоотига айланди».

Марказий Осиё аслида каттароқ, ҳатто Хитойнинг бир қисмини қамраб оладиган географик тушунча, бироқ «Ўзбекистон 24» мухбирлари бунда, катта эҳтимол билан, Ўзбекистонга қўшни тўрт мамлакат — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни назарда тутган. Эътиборлиси, Қирғизистондан ташқари қолган уч мамлакатда уч қаватли йўллар аллақачон қурилиб, фойдаланишга топширилган ва янгиларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

2016 йил августида Қозоғистоннинг «жанубий пойтахти» — Олмаота шаҳрида ўша вақтда тирбандликлардан энг кўп азият чеккан Сайин ва Рисқулов кўчалари кесишмасида уч қаватли транспорт боғламаси фойдаланишга топширилган эди. Бир қарашда у уч қаватлига ўхшамайди (лекин ҳақиқатан ҳам уч қаватли), боз устига 311 метрлик йўл ўтказгичи ҳам бошқача.

Фото: «Forbes.кз»

Ҳозирда Олмаотанинг халқ орасида «аэропорт ҳалқа»си деб номланувчи Бухтарма кўчаси — Ғулжа йўли чорраҳасида кўриниши Тошкентдаги уч қаватли йўлни қарийб такрорловчи транспорт иншооти қурилмоқда.

2017 йил январида Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида тоннелларга тўла Андалиб шоҳкўчасининг Гурбансултон эже кўчаси билан кесишмасида уч қаватли йўл иншооти қурилган.

Фото: «Туркман давлат хабарлари»

У кўприк, узунлиги 380 метрга тенг тоннел ва айланма чорраҳадан иборат (ва кўринишидан Тошкентдаги уч қаватли йўлга ўхшайди, битта фарқи — айланма йўл иккинчи эмас, учинчи қаватда). «Туркман давлат хабарлари»нинг ёзишича, иншоот 9 баллгача бўлган ерости силкинишларига чидамли.

Ашхободдаги Андалиб ва Гурбансултон эже чорраҳасида қурилган уч қаватли йўл.

Скриншот: «Yandex.Харита»

2018 йил сентябрида Тожикистон пойтахти Душанбеда, Нусратулло Махсум ва Ғофуров кўчалари чорраҳасида мамлакатдаги илк уч қаватли транспорт иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилган эди.

Объект қурилиши 2016 йил сентябрида бошланган, лойиҳа учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки 35 миллион долларлик кредит, 3 миллион доллар миқдорида техник ёрдам ажратган эди.

Душанбенинг 82-кичик туманида 2018 йили фойдаланишга топширилган уч қаватли йўл.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Душанбеда 2020 йил баҳорида иккинчи уч қаватли чорраҳа фойдаланишга топширилиши керак эди, бироқ коронавирус пандемияси сабаб фойдаланишга деярли тайёр иншоотнинг тўлиқ очилиши номаълум муддатга қолдирилган.

«Ўзбекистон 24» телеканали атрофидаги гап-сўзлар

Куни кеча ижтимоий тармоқларда «Ориат Доно» радиоканалининг «Футбол плюс» дастуридан кесиб олинган лавҳа тарқалди. Унда, жумладан, дастур иштирокчилари «Ўзбекистон 24» телеканалида берилаётган репортажлар ва ҳақиқий ҳаёт ўртасида фарқ борлигини таъкидлаб, лавҳалар холислиги ва ҳаққонийлигини шубҳа остига олган эди.

Бу чиқиш ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан, асосан, олқишланди, «Ўзбекистон 24» телеканалини ҳам ўз ичига олувчи Миллий телерадиокомпанияси раҳбари Алишер Хаджаев эса ушбу ҳолат юзасидан берган баёнотида «Футбол плюс» иштирокчиларининг таъкидларини «мутлақо асоссиз ва ноўрин танқидий фикрлар» деб атади.

Журналист Ҳасан Тошхўжаев эса Facebook’даги саҳифасида чиқиш қилиб: «‘Ўзбекистон 24’ телеканали ёлғон ахборот тарқатмайди. ‘Ўзбекистон 24’ телеканали ҳақиқатни гапиради», деб таъкидлади. Унинг бу пости қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган.

ПС. Ҳеч бир ОАВ хатодан кафолатланмаган, интернет-нашрларда, хусусан, «Дарё»да берилаётган у ёки бу ахборот нотўғри бўлиб чиқиши мумкин, чунки аксарият материаллар расмий манбалар ва ахборот агентликларига асосланиб (қайта) тарқатилади (миллий қонунчиликка мувофиқ, расмий манбалар ва ахборот агентликларидан олинган ахборотнинг тўғри ва ҳаққонийлиги учун расмий манбалар ва ахборот агентликларининг ўзи жавобгар). Аммо «Марказий Осиёда ягона», «дунёда ягона» деган жумлалар билан билиб-билмай нотўғри ахборот тарқатишдан ҳамма тийилгани маъқул.