Ўзбекистонда 23 май соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 26 кишига кўпайиб, 3115 нафарга етди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Янги касалланиш ҳолатларининг 25 таси карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасидан, яна биттаси эса Қозоғистондан кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисида аниқланган.

«Карантинда бўлганларнинг 22 нафари чет элдан келган, уч нафари эса касалликни беморлар билан мулоқотда юқтирган», — дейилади ССВ ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача 2532 нафар коронавирусга чалинган фуқаро бутунлай соғайган, 544 бемор эса даволанишни давом эттирмоқда; 13 нафар бемор инфекция асоратлари оқибатида вафот этган.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайди. 22 май куни Самарқанд вилоятида 24 кишида, Навоий вилоятида 21 кишида, Тошкент вилоятида бир кишида коронавирус аниқланган эди, 23 май куни Тошкент шаҳрида аҳоли орасида коронавирусга чалинган икки фуқаро аниқланди.

Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини ҳушёр бўлишга, эҳтиёт чораларини кўришга, заруратсиз кўчага чиқмасликка чақирмоқда. «Ён-атрофимизда коронавирусга чалинганлар йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди», — дейилади вазирлик мурожаатида.