Ўзбекистонда Солиқларни автоматлаштирилган йиғиш тизими (САЙТ) жорий этилмоқда. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: ДСҚ матбуот хизмати

Қайд этилишича, ушбу лойиҳа 2019 йилда Наманган вилоятида синов тариқасида жорий этилди. Вилоят аҳолиси махсус қурилма (терминал) ёрдамида САЙТ дастури ишга туширилганлиги ҳақида хабардор этилди. Агар солиқ инспекторида бундай қурилма бўлмаса, уларга солиқ тўламаслик ҳуқуқи берилди.

САЙТ дастури орқали солиқ тўловчига берилган чек одатдагидан фарқ қилади. Унда солиқ тўлаш тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар, шунингдек, солиқ хизмати органи ходимининг маълумотлари мавжуд бўлади ва солиқ тўловчининг мобил телефон рақамига солиқ тўлови амалга оширилганлиги тўғрисида SMS хабар ҳам боради.

Бундан ташқари, инспектор ҳудудидаги мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорлиги мавжуд жисмоний шахсларни навигатор тизими (GPS) орқали аниқлаш имконияти яратилган.

САЙТ тизими солиқ инспекторига солиқларни мустақил равишда йиғиш ва бир вақтнинг ўзида амалга оширган ишларини қайд этиш имконини беради. Шу билан бирга, диспетчерлик web иловаси орқали инспекторнинг реал вақт режимида амалга оширган ишлари баҳолаб борилади.

«Ўтказилган таҳлилларга кўра, солиқ инспекторларининг иш самарадорлиги 2-3 бараварга ошди», — дейди ДСҚ Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Зарифжон Зокиров.

Йил бошидан буён Жиззах, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида 1118 дона терминал тўлиқ ишга туширилган. Мазкур ҳудудларда САЙТ дастури орқали 2020 йил январь—апрель ойларида маҳаллий бюджетларга 43,5 миллиард сўм солиқлар ундирилган.

САЙТ терминалларини ишлатишнинг кейинги босқичида ҳужжатсиз фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар, кадастри мавжуд бўлмаган объектлар ва ижара шартномаси тузмаган шахсларнинг электрон рўйхатини шакллантириб, қонуний ишлашга ўтишини назорат қилиш модули ишга туширилиши режалаштирилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, САЙТ тизими республиканинг барча ҳудудларида тўлиқ жорий этилиши 2020 йилда маҳаллий солиқлардан қўшимча 285 миллиард сўм маблағ тушириш имкониятини беради. Бу эса терминаллар учун сарфланган маблағларга нисбатан 35 бараварга кўпдир.