Pakistan International Airlines’га тегишли йўловчи ташувчи самолётнинг Карачи яқинида ҳалокатга учраши оқибатида 97 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Синд провинцияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзининг Twitter’даги саҳифасида маълум қилди.

Фото: Twitter

Идоранинг маълумотларига кўра, ҳаво кемаси бортида 99 киши бўлган. Уларнинг 97 нафари ҳалок бўлган ва икки киши омон қолган.

Самолёт 22 май куни ҳалокатга учраган. У аэропортдан тахминан 4 километр узоқликдаги турар жой биноларига қулаган эди. Reuters агентлиги самолёт портида 107 киши бўлганини маълум қилган: 99 нафар йўловчи ва саккиз нафар экипаж аъзоси. Авиакомпаниянинг Facebook’даги баёнотида эса самолётда экипаж аъзолари билан бирга 99 киши бўлгани ёзилган.

Карачи мери Васим Ахтар дастлаб авиаҳалокат оқибатида ҳеч ким омон қолмаганини билдирган. Кейинроқ Синд провинцияси ҳукумати икки киши қутқариб олинганини маълум қилганди.

Шу билан бирга, ОАВда омон қолганлар сони кўпроқ эканлиги айтилмоқда. The Nation нашрининг ёзишича, шифохоналардан бирига 15 нафар жароҳат олган йўловчи етказилган бўлса, яна бирига — 17 кишига олиб борилган.

Дастлабки тахминларга кўра, ҳаво кемасининг ҳалокатга учрашига унинг қушлар тўдаси билан тўқнашуви сабаб бўлган бўлиши мумкин.