Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази ходимида коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.

ДСҚ матбуот хизматининг ёзишича, ОАВда қўмита марказий аппарати бўлим бошлиғи ва унинг ҳайдовчисида коронавирус аниқлангани ҳақида хабарлар тарқалган. Қўмитанинг аниқлик киритишича, аслида касаллик пойтахтнинг бошқа ҳудудида жойлашган марказ ходимида аниқланган.

«Касалланган шахс билан ДСҚ ходимлари ҳам мулоқотда бўлган бўлиши мумкинлиги инобатга олиниб, ҳозирги вақтда қўмита марказий аппаратининг барча ходимлари COVID-19’га тест топширмоқда», — дейилади ДСҚ ахборотида.

ДСҚ ахборотида ходимда коронавирус инфекцияси айнан қачон аниқланганига аниқлик киритилмаган. Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги 23 май куни Тошкент шаҳрида аҳоли орасидан икки кишида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берган эди. Улардан бири «Ўрикзор» бозоридаги сотувчи экани маълум эди — айнан шу сабабли бозор вақтинча ёпилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 3089 нафарга етган, уларнинг 2532 нафари аллақачон соғайиб, реабилитацияга кузатилган. Беморларнинг 13 нафари коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган. Қайд этиш жоиз, сўнгги кунларда аҳоли орасида коронавирус инфекцияси билан касалланганлар тобора кўпроқ аниқланмоқда.