Тошкентда 23 май, шанба куни 33 нафар бемор коронавирусдан соғайиб, реабилитацияга кузатилди, деб хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати. Уларнинг 17 нафари Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан, 16 нафари Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан соғайиб чиққан.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан соғайганларнинг 9 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Қолган 8 нафари эса чет элдан келган ва карантинга олинган. Уларда коронавирус инфекцияси аниқлангач, клиникага ётқизилган. Ҳудудлар кесимида тузалганларнинг 10 нафари Тошкент вилоятидан, 3 нафари Сурхондарё вилоятидан, 2 нафардан Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятидан. Беморлардан 10 нафари эркак, 7 нафари аёллардир. Улар орасида энг ёши каттаси 61 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 5 ёшда.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида соғайганларнинг 4 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Қолган 12 нафари эса чет элдан келган ва карантинга олинган. Уларда коронавирус инфекцияси аниқлангач, клиникага ётқизилган. Ҳудудлар кесимида тузалганларнинг 4 нафари Тошкент вилоятидан, 2 нафардан Самарқанд, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳридан, 1 нафардан Фарғона, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё, Андижон вилоятларидан ҳамда 1 нафари Тожикистон Республикасидан. Беморлардан 12 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улар орасида энг ёши каттаси 63 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 2019 йилда туғилган.

Тошкент шаҳрида шу пайтга қадар 873 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 906 нафарга етди.

Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони 2492 нафарни ташкил қилаётганди. Эндиликда улар сони 2525 нафарга етди.

Касалланганларнинг умумий сони эса 23 май соат 10:00 ҳолатига кўра 3 078 кишини ташкил қилмоқда. Мамлакатда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат аниқланганидан бери 13 нафар бемор касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.