COVID-19 пандемиясини келтириб чиқарган SARS-CoV-2 коронавируси катта эҳтимол билан энди Ер юзидан йўқолмайди, деб ёзмоқда «РБК» вирусологлар берган маълумотларга таяниб.

Фото: Getty Images

У мутацияга учрашда давом этмоқда, бироқ айнан қайси томонга ва қандай оқибатлар сари кетаётганини олдиндан тахмин қилиш жуда қийин. Катта эҳтимол билан у одамлар учун хавфсизроқ бўлиб боради, аммо бундай тахмин билан бир қаторда унинг дунёда тарқалиши жиддий таҳдид туғдиришини ҳам ёдда тутиш лозим.

Тиббиёт фанлари доктори, вирусолог, Россия соғлиқни сақлаш вазирлигининг Гамалеи номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология маркази профессори Анатолий Альштейн SARS-CoV-2 одам танасига мослашиб олгани сабабли вируснинг инсониятдан йўқолиши эҳтимоли кам, деб баҳоламоқда.

«У бизни тарк этади, деб ўйламайман. У инсониятга жуда яхши мослашиб олди, одамлар танасида яхши ривожланяпти, бизни жуда осон касаллаяпти. Нега қаергадир кетиши керак? Тахминимга кўра, у бир-икки йилдан кейин биздаги нафас олиш йўллари касалликларини келтириб чиқарадиган жуда кўп вируслар қаторига қўшилади», — дейди профессор.

Унинг қўшимча қилишича, одатда вируслар эволюциясида уларнинг патогенлиги пасая боради. «Эволюция жиҳатдан шундай вируслар танлаб олинадики, улар одамни жуда яхши касаллаши, лекин шу билан бирга, уни ўлдирмаслиги керак. Бу аксарият инфекцион касалликларнинг жуда яхши маълум бўлган қонуниятидир», — деган у.

Анатолий Альштейннинг қўшимча қилишича, вируснинг келажагини аниқ башорат қилиш жуда қийин. «Аммо шунга қарамай, унинг антиген хусусиятларига кўра у қадар ўзгарувчан бўлмайди, деб умид қиламан. Келажакда SARS-CoV-2 яхшиланиши даргумон, аммо бу қадар хавфли бўлмаслиги керак», — дея сўзларини якунлаган вирусолог.

Биология фанлари доктори, профессор, Россия Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, Новосибирск давлат университети табиий фанлар факультети биотехнология ва вирусология лабораториясининг мудири Сергей Нетёсов ҳам коронавирус вақт ўтиб хавфсизроқ бўлишини тахмин қилган.