Фарғона водийсидаги Давлат хизматлари марказлари жорий йил 20 майдан бошлаб аҳолига кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини берувчи кадастр паспортининг янги намунасини беришни бошлади. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Умиджон Мамарасулов хабар берди.

Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, 2019 йил 12 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунасини босқичма-босқич жорий этиш ҳақидаги қарори қабул қилинган.

Мазкур қарорга кўра, 2020 йил 1 мартдан бошлаб Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг пластик шаклда тайёрланадиган янги намунадаги кадастр паспорти берилиши назарда тутилган.

Шунга мувофиқ, жорий йил 20 майдан бошлаб водийдаги фуқароларга янги намунадаги кадастр паспорти берилиши бошланди.

Фото: «Дарё»

Пахтаобод туман Давлат хизматлари маркази директори Бурҳониддин Усмоновнинг айтишича, янги намунадаги кадастр паспортининг афзаллиги шундаки, аввало, барча кадастр маълумотлари бир жойда ягона маълумотлар базасида сақланади. Смарт-карта ичидаги маълумотлар онлайн равишда базага уланган ҳолда кўрилади. Уй-жой билан боғлиқ барча кадастр ишлари доимий равишда электрон қайд этиб борилади ҳамда электрон кадастр тарихи вужудга келади.

Смарт-карта йўқолиб қолса ёки яроқсиз ҳолга келса, масофадан туриб блокланади ва қисқа вақт ичида янги кадастр паспорти тақдим этилади. Геопортал билан интеграция натижасида уй-жойнинг географик майдони ва чегараси тўғрисида ўта аниқ маълумот смарт-картадан жой олади. Махсус мобил илова орқали кадастр паспорти маълумотларини кўриш имкони яратилади. Бунинг учун смарт-картани телефонга яқинлаштириш кифоя.

Янги намунадаги кадастр паспортида QR-код тизими мавжуд бўлиб, тизим орқали мулкдорлар ваколатли ташкилотларга мурожаат этмасдан кўчмас мулк тўғрисидаги барча маълумотларни исталган вақтда QR scanner мобил иловаси орқали олиши мумкин бўлади.