Хитойда пандемия бошланганидан буён илк бор сутка давомида коронавирусга чалиниш ҳолати ҳам, ундан вафот этиш ҳолати ҳам қайд этилмади, деб хабар бермоқда «РИА Новости» мамлакат Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясига таяниб. Фақат 28 кишида касаллик белгисиз ўтаётгани аниқланган, уч нафар бемор соғайган.

Фото: Reuters

Мамлакатда умумий ҳисобда 82 971 киши коронавирусга чалингани қайд этилган. Уларнинг 78 258 нафари соғайган бўлиб, 79 нафари ҳали ҳам касалхонада. Вирус қурбонлари сони 4634 кишини ташкил қилмоқда.

Сўнгги сутка давомида 23 киши карантиндан чиқарилган. Тест натижалари уларда вирус йўқлигини кўрсатган. Айни пайтда яна 370 киши шифокорлар назоратида бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, Хитойда 22 май куни сутка давомида 39 кишида, 21 майда 33 кишида, 20 майда эса 5 кишида коронавирус қайд этилган.

Май ойи бошларида эса Хитойнинг барча ҳудудларида коронавирус тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик хавф пасайгани, мамлакатда юқори ёки ўрта даражадаги таҳдид даражасига эга жойлар қолмагани хабар берилган эди.

Ўзбекистон Хитойдан уч марта гуманитар ёрдам юкларини қабул қилган, коронавирусни аниқловчи 200 мингта тест тизимини сотиб олган.