Ўзбекистонда сўнгги кунларда аҳоли орасида коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари тобора кўпроқ аниқланмоқда. Хусусан, 22 май куни Самарқанд вилоятида 24 кишида, Навоий вилоятида 21 кишида, Тошкент вилоятида бир кишида коронавирус аниқланди. Шунингдек, Тошкентдаги «Ўрикзор» бозоридаги сотувчида коронавирус инфекцияси аниқлангани ҳақида 23 май куни хабар қилинди. Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига мурожаат билан чиқди.

«Айни кунларда аҳоли орасида ҳамон коронавирус инфекциясига чалинганлар аниқланмоқда. Ушбу ҳолатлардан аён бўляптики, ён атрофимизда коронавирусга чалинганлар йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бу эса ҳар қандай вазиятда ҳам коронавирус юқтириб олишнинг эҳтимолий хавфидан ҳушёр бўлишимизни, эҳтиёт чораларини доимий кўришимизни талаб этади», — дейилади вазирлик мурожаатида.

«Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқимиздан, яна бир бор баъзи жойларда берилган эркинликни нотўғри тушунмасдан карантин қоидаларига, жумладан, ижтимоий масофани сақлаш, яъни қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришишдан тийилиш, жамоат жойларида тўпланмаслик, айниқса, ёшларни заруратсиз кўчага чиқмаслигини, қўлларни тез-тез ва яхшилаб ювиш, тиббий ниқоб тақиш каби қоидаларга қатъий амал қилишларини, шунингдек, муборак Рамазон ҳайити байрамини уйда, оила даврасида байрамона кайфиятда нишонлашларини сўрайди. Бу ўзингиз ва яқинларингиз хавфсизлиги учун жуда муҳим», — дея қўшимча қилинган вазирлик ахборотида.

Маълумот учун, Ўзбекистонда ҳозиргача 3078 кишида коронавирус аниқланган, беморларнинг 2525 нафари соғайиб, реабилитацияга кузатилган, 13 нафар бемор касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.