Zamin фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Сардоба сув омборидаги фалокат рўй берган ҳудуддан эвакуация қилинган аҳоли ҳолидан хабар олиш учун Сирдарёга қилган ташрифи чоғида халқ билан суҳбатлашди ва фалокатдан талафот кўрган одамларга ҳамдардлик билдирди.

Фото: Telegram

«1 май куни бўлган воқеани эшитиб, ҳамманинг кўнгли вайрон бўлди. Кайфиятингизни кўтариш учун, озгина бўлса ҳам ўз ҳиссамизни қўшиш учун келдик.

Сизларнинг ғамингиз бизнинг дардимиз. Бошингизга тушган бу қийинчилик биз учун ҳам бир синов. Президентимиз кечаю кундуз шу ташвиш билан банд, қандай қилиб шу одамларни келажакка ишонтирсам, оғирини енгил қилсам, аввалги ҳаётига қайтарсам дейди. Рамазон ҳайити ҳаммангизга муборак бўлсин, ҳаммангизга сабр, куч-қувват беришини Яратгандан сўраб қоламан», — деган Зироат Мирзиёева.

Зироат Мирзиёева ташриф давомида сув тошқинидан кейин вилоят ҳудудидаги бошқа хонадонларга жойлаштирилган кўп болали оилалар билан ҳам суҳбат қурган.

Суҳбатлар давомида Zamin фонди ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг ҳамкорликдаги ижтимоий лойиҳаси доирасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги 11 та зарар кўрган маҳаллада истиқомат қилган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 60 дан ошган барча қарияларни 10 кун давомида пойтахтда ва Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларида жойлашган сиҳатгоҳлар ва дам олиш масканларига, 7 дан 14 ёшгача бўлган болалар эса ёзги оромгоҳларга бепул таклиф этилиши таъкидланди.

Зироат Мирзиёева ушбу лойиҳа қариялар ва болаларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатган фалокат асоратларини унутишлари учун ташкил қилинганини алоҳида қайд этди.