Австралияда дельфинлар одамларни соғинди. Дельфинлардан бири эътиборни жалб қилиш мақсадида ҳатто совғалар келтира бошлади, деб ёзади Метро.

Фото: Метро

Квинсленд штатида Тин-Кан бухтаси яқинида кафе бўлиб, у ерга еттита дельфин сузиб келади. Волонтёрларнинг айтишича, Мистик лақабли дельфин ҳар сузиб келганида ўзи билан нимадир олиб келмоқда. Олдин ҳам у шундай қиларди, бироқ кейинги пайтларда бу ҳолат тез-тез такрорланмоқда.

Дельфин бурни устига чиғаноқлар, маржонлар, бутилкалар, ёғоч бўлакларини қўндириб, сузиб келмоқда. Кафеда энди бундай совғаларнинг коллекцияси мавжуд.

Фото: Метро

Волонтёрларнинг қайд этишича, Мистикни бундай қилишга ҳеч ким ўргатмаган. Уларнинг фикрича, дельфин шу тариқа одамларни соғинаётганини кўрсатмоқда. Ижтимоий тармоқларда Мистик шу алфозда сувни чиқиндилардан тозалашга уринаётгани ҳам тахмин қилинмоқда.

Дельфинларнинг ўзини тутиши бўйича эксперт Барри Макговерннинг тахмин қилишича, жониворлар ўта мураккаб мулоқот маданиятига эга. Эҳтимол, Мистик ушбу ҳаракатлари билан ўзининг вақтини чоғ ўтказишга ҳаракат қилмоқда ёки ўзи учун одатий бўлган озиқлантириш режимини қайтармоқчидир.

Фото: Метро

Фото: Метро