Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида кўп миқдорда кўкнор ва каннабис гиёҳванд моддасини етиштириб, сотишни мақсад қилган 80 ёшли отахонга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят ИИБ

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 21 май куни Шофиркон туман ИИБ ходимлари томонидан «Қорадори-2020» тезкор тадбири ўтказилган.

Тадбирда «Қалмақони» маҳалласида яшовчи 80 ёшли отахон Р.Р.нинг яшаш уйи кўздан кечирилганда уч сотих ерга 2524 туп кўкнор, 4 туп каннабис гиёҳванд ўсимлиги экилиб, парваришланаётгани аниқланган.

Отахон ўсимликлардан 19 килограмм ҳосил олиб, сотишни мақсад қилганлигини таъкидлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан отахонга нисбатан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми (Тақиқланган экинларни етиштириш), 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 273-моддаси 5-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.