Испания ҳукумати 1 июлдан бошлаб хорижлик сайёҳларнинг мамлакат ҳудудига киришига рухсат бермоқчи. Бу ҳақда бош вазир Педро Санчес маълум қилган. Сиёсатчининг матбуот анжуманидаги иштирокидан видеопарча Twitter’да эълон қилинган.

Фото: Reuters

«Бу йили ёзда туризм мавсуми очилади. Биз ички туризм мавсумини қайта бошлаймиз, июль ойидан бошлаб халқаро туризм мавсуми ҳам очилади, бунда барча хавфсизлик талабларига риоя қилиниши талаб этилади», — деган Санчес.

Ҳукумат раҳбари энди Испания туризми икки асосий жиҳат: экологик барқарорлик ва соғлиқ хавфсизлигининг таъминланганлик даражаси юқорилиги билан ажралиб туришини қайд этган.

Апрель ўрталарида Испанияда коронавирус инфекцияси билан касалланишлар сони ва мамлакатда COVID-19’дан ўлим кўрсаткичи камая бошлаган.

2 майдан Испанияда пандемия сабаб жорий қилинган карантин меъёрлари юмшатила бошлаган. Жумладан, мамлакат аҳолисининг сайрга чиқиши ва кўчада спорт билан шуғилланишига рухсат берилди. 11 майда Испанияда бир сутка давомида коронавирусдан вафот этганлар сони 123 кишигача камайгани хабар қилинган.

Жонс Ҳопкинс университети томонидан эълон қилинган сўнгги статистик маълумотларга кўра, Испания коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари сони бўйича бутун дунёда 5-ўринда бормоқда. Мамлакатда 234 мингдан зиёд одамда COVID-19 инфекцияси аниқланган, 28 мингдан кўпроқ бемор касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.