Май ойининг учинчи ҳафтаси ҳам ўз ниҳоясига етмоқда. Хўш, бу ҳафта жаҳон ҳамжамияти учун қандай якунланди? «Дарё» дунёда юз берган муҳим воқеалар таҳлилини диққатингизга ҳавола этади.

Коронахабарлар

Бугунги кунимизни коронавирус ҳақидаги хабарларсиз тасаввур қила олмайдиган бўлдик. Ўтган ҳафта давомида жаҳонда коронавирус касаллиги билан боғлиқ ҳолатлар айрим ҳудудларда ошишда давом этди. Бу борада ҳамон АҚШ карвонбошилик қилаётган бўлса, унинг ортидан келаётган Россияни ҳафта охирларига келиб Бразилия қувиб ўтди. Касаллик тарқалишини реал вақтда кузатаётган Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Бразилияда COVID-19 коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 330 890 кишига етган.

Бразилия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, ўтган бир сутка ичида яна 20 803 кишида коронавирус аниқланган. Бу мамлакатда пандемия бошланганидан буён кузатилган рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Шунингдек, бир сутка давомида 1 001 бемор вафот этган. Бутун мамлакат бўйлаб коронавирус қурбонлари сони 21 048 кишига етган. Бир қатор хориж ОАВлари Лотин Америкаси давлатларини пандемиянинг янги ўчоғи бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.  Бразилияда касалликнинг авж олиб кетишига, мамлакат президенти Жаир Болсонару касалликни «кичик грипп» деб, тегишли карантин чораларини кўрмагани сабаб қилиб келтирилмоқда.

Фото: Google Photos

Ўтган ҳафтада коронавирус тўлиқ назоратга олингани айтилаётган Россиянинг Чеченистон автоном Республикаси президенти Рамзан Қодировда коронавирус касаллиги аниқланиб, Москвадаги шифохонга ётқизилгани хабар қилинди.  Маълум қилинишича, Қодиров касалликнинг дастлабки аломатларидан бир неча кун олдин шикоят қилишни бошлаган, бироқ дастлаб бу аломатлар ўткир респиратор вирусли инфекция аломатлари сифатида қайд этилган. Кейинроқ унинг аҳволи тезлик билан ёмонлаша бошлаган ва шифокорлар унга Москвадаги касалхонага мурожаат қилишни тавсия этган.

Марказий Осиё республикалари орасида нисбатан кеч касаллик борлиги эълон қилинган Тожикистонда касалликни юқтириб олганлар сони ошишда давом этмоқда. Ҳафта охирига келиб, мамлакатда 2 550 дан ортиқ кишида коронавирус касаллиги аниқланган. Минтақамизда касалликка чалинганлар сони борасида Қозоғистон пешқадамлик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон бормоқда. Ғарбдаги қўшниларда эса вазият ҳамон номаълум. Расман Туркманистон ҳудудида касаллик билан боғлиқ ҳолат қайд этилмаган.

Бугунги кунга келиб бутун дунё бўйлаб коронавирус касаллигига чалинган беморлар сони 5 миллион кишидан ошиқни ташкил қилмоқда.

Бошқа хабарлар

Нафақат санитар инқироз, балки иқтисодий инқирозни бошидан кечираётган Афғонистонда ўтган ҳафтада янги ҳукумат иш бошлади. Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ҳамда собиқ бош вазир Абдулла Абдулла 17 май куни ҳукумат бошқарувини бўлиб олиш ҳақидаги келишувни имзолади. Бу ҳақда президент вакили Сиддиқ Сиддиқий хабар қилган.  «Ашраф Ғани ҳамда Абдулла Абдулла ўртасида сиёсий битим имзоланди. Абдулла Абдулла яраштириш бўйича Олий миллий кенгашга раҳбарлик қилади. Унинг вакиллари Кенгаш аъзолигига ва Вазирлар маҳкамаси таркибига киритилади», – деб ёзган Сиддиқ Сиддиқий Twitter’даги саҳифасида.

Абдулла Абдулла ҳамда Ашраф Ғани

Фото: Reuters

Афғонистоннинг сайланган президенти Ашраф Ғани 9 март куни қасамёд қилган ва фаолиятга киришган. Сайловларда мағлуб бўлганини тан олмаган Абдулла Абдулла ҳам шу куннинг ўзида параллел равишда президент сифатида инаугурация маросимини ўтказган. Икки кун ўтгач, Ашраф Ғани томонидан мамлакат ҳукуматидаги бош вазир лавозими бекор қилинган.

Ўтган ҳафтада ЕОИИ доирасида навбатдаги видеоконференция мулоқоти бўлиб ўтди. Ушбу мулоқот чоғида сўзга чиққан Қозоғистон ҳамда Қирғизистон президентлари ташкилотнинг фаолиятидан норози эканликларини изҳор қилди. Жумладан, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Евросиё олий иқтисодий кенгашининг видеоконференция шаклида бўлиб ўтган йиғилишида Евросиё иқтисодий иттифоқини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини тасдиқлашни кейинга суришни таклиф қилди.

Тўқаев бу ҳужжатни кенгашга аъзо давлатлар вакилларининг эртами-кечми бўлиб ўтадиган яккама-якка учрашувидан кейин қабул қилиш зарурлигини таъкидлган. «Умуман олганда, унинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлаган ҳолда, қўшимча муҳокамани ва ўрганишни талаб қиладиган айрим муаммолар мавжуд деб ҳисоблайман», — деган у.

Қирғизистон президенти Сўронбой Жээнбеков ташкилотга аъзо айрим давлатларнинг коронавирус пандемияси сабаб назоратни кучайтириб, маҳсулотлар етказиб беришда чекловлар қўйиб олганини таъкидлади. «Айрим давлатлар назоратни кучайтириб, маҳсулот етказиб беришга чекловлар ўрнатган», – деган Жээнбеков. У гап қайси давлатлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган.

Фото: «РИА Новости»

Аммо бундай ҳолатларга қарши Евросиё иқтисодий комиссияси ваколатларини кенгайтиришни тавсия қилган. «Евросиё иқтисодий комиссиясининг мамлакатлар ўртасидаги тўсиқларни олиб ташлашдаги ролини кучайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Мавжуд механизмлар комиссияда ваколатлар йўқлиги сабаб самара бермаяпти. Шунингдек, комиссия аъзоларининг масъулиятини ҳам ошириш лозим», — деган Жээнбеков.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Сенати 11 май, душанба куни бўлиб ўтган тўртинчи ялпи мажлисда Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлигини маъқуллади.

Ҳафта охирларига келиб Покистонда мудҳиш воқеа содир бўлди. Pakistan International Airlines авиакомпаниясига тегишли Airbus А320 йўловчи самолёти қулади. Унинг бортида 107 киши бўлгани хабар қилинди.  Лайнер Лахор шаҳридан Карачи шаҳрига рейсни амалга ошираётган эди. Маълум қилинишича, самолёт Карачи шаҳри аэропорти яқинида, қўнишга бир дақиқа қолганда ерга қулаган. Самолётнинг кутилмаганда қулаб тушишига самолётнинг қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда маҳаллий Nation газетасининг Twitter’ида маълум қилинган.

Pakistan International Airlines бош директори Аршад Малик матбуот анжуманида самолётнинг техник жиҳатдан соз ҳолатда парвозни амалга оширганини билдирган. У авиаҳалокат сабаблари бортдаги махсус қурилма ҳамда қора қути маълумотлари асосида аниқланишини қайд этган. «Қора қути топилмагунича бу борада аниқ бир фикр айтиб бўлмайди», – дея авиакомпания раҳбари сўзларини келтирган Geo TV.

Самолёт қулаши оқибатида унинг бортида бўлган йўловчилардан икки нафари тирик қолишга муваффақ бўлган. Омон қолганлар касалхонага ётқизилди, олинган жароҳатларнинг оғирлик даражаси ҳақида хабар берилмади. Фалокат натижасида 97 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Reuters агентлиги самолёт портида 107 киши бўлганини маълум қилди: 99 нафар йўловчи ва саккиз нафар экипаж аъзоси. Авиакомпаниянинг Facebook’даги баёнотида эса самолётда экипаж аъзолари билан бирга 99 киши бўлгани ёзилган.