Коронавирус юқтириб олган беморлар касаллик белгилари аниқланганидан кейин 11 кун ўтгач атрофдагиларга COVID-19’ни юқтира олмайди. Бу ҳақда сингапурлик олимлар ўтказган тадқиқотларга таяниб, «РИА Новости» хабар қилган.

Фото: «РИА Новости»

Олимларнинг қайд этишича касалликдан тузалаётган беморлардан олинган таҳлиллар уларда коронавирус борлигини кўрсатади, бироқ ушбу даврда атрофдагиларга касаллик юқтириш хавфи бўлмайди. Тадқиқотчилар тестларнинг коронавируснинг яшовчанлик хусусияти ва унинг бошқаларга юқишини олдиндан аниқлай олмаслиги, улар фақат геномнинг бир қисмини топаётганлигини билдирган.

11 кун ичида коронавируснинг юқумлилик хавфи йўқолиши ҳақидаги тахминда истисно жиҳатлар ҳам мавжуд, масалан, кимё терапиясини ўтказаётган онкологик касалликка чалинган, иммунитети пасайиб кетган беморларга бу жиҳат тааллуқли эмас.

Айни вақтда организмида коронавирус аниқланган бемор фақат иккита тест кетма-кет «манфий» натижа кўрсатган тақдирда касалхонадан чиқарилиши мумкин.

Аввал олимлар COVID-19 касаллигини келтириб чиқарувчи SARS-CoV-2 вируси бошқа коронавирусларнинг геномларига эга экани сабаб юқори даражада юқумли эканлигини маълум қилганди. Муаллифлар янги коронавируснинг 96 фоизи 2003 йилда 774 нафар беморнинг ўлимига сабаб бўлган — SARS-CoV-1 атипик пневмония вируси геномларидан иборат эканини қайд этган. Шунингдек, SARS-CoV-2 ижобий сифатларга эга одам коронавируси HCoV-HKU1’нинг хусусиятларига ҳам эга экани айтилганди.