Олимлар бутун дунёда коронавирус пандемияси қачон тугашини прогноз қилди. Бу ҳақда Сингапур технологиялар ва дизайн университети тадқиқотчиларига таяниб, New York Post хабар берди.

Фото: «Известия»

Олимларнинг фикрича, дунё коронавирусдан 2020 йилнинг декабрь ойига бориб қутулиши мумкин. АҚШ эса сентябрь охирларига қадар касалликни енгади.

Экспертлар касалликка мойиллик, инфекцияланган ва соғайганлар динамикасини тавсифловчи инфекция тарқалишининг математик моделидан (SIR-модель) фойдаланган.

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, уларнинг прогнози тўғри бўлмаслиги мумкин, шу сабабли бутун дунё бўйлаб карантин чораларини енгиллаштириш бўйича шошма-шошарлик билан қарорлар қабул қилмаслик керак.

«Бирор-бир прогнозга асосланган ҳаддан ортиқ оптимизм тартиб қоида ва ўз-ўзини назорат қилишнинг сусайишига олиб келиши билан хавфли. Бу эса касаллар сонининг ортишига сабаб бўлади», — дейди тадқиқотчилар.

Аввалроқ Сингапур университети олимлари апрель ойида COVID-19 коронавируси эпидемиясининг турли мамлакатларда қачон якунига етиши борасидаги тахминий саналарни эълон қилганди. Вазият тез ўзгараётгани туфайли улар бу борадаги барча прогнозларини бекор қилган ва сайтдаги графикаларни ўчириб ташлаганди.