Шифокорлар Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров тузала бошлаганини маълум қилди. Бу ҳақда Telegram’даги Baza канали хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Шифокорларнинг сўзларига кўра, оғир аҳволда Москвадаги касалхонага олиб келинган Қодиров секин-аста тузалмоқда. Унинг организми коронавирусга қарши курашмоқда ва терапияни яхши қабул қиляпти.

Шифокорлар республика етакчисининг соғайиб кетишига ижобий прогнозлар беришга тайёр.

Таъкидланишича, Рамзан Қодиров ҳозирда мустақил палата бўйлаб юрмоқда, мусулмонларга аудио мурожаат ҳам йўллаган. Унинг овози ёзилган видео ўзининг Telegram’даги каналида эълон қилинган. Видеода фақатгина Қодировнинг овозини эшитиш мумкин, ўзи кўриниш бермаган, фонда фақатгина Грознийдаги масжид тасвирланган.

«Пандемия сабаб бу барчамиз учун оғир кунлар бўлди, кўпчилик қўрқувга тушди ва бу тушунарли ҳолат. Шуни айтмоқчиманки, Чеченистонда вафот этганлар сони ўтган йилгидан кам, тўрт ой давомида янги туғилганлар сони эса кўпроқни ташкил этмоқда», — дейди Қодиров.

Унинг фикрича, бу каби натижага эришишга минтақа аҳолисининг эҳтиёт чораларига риоя қилганлиги, жамоатчиликнинг бир-бирини тушунгани ёрдам берган.

Эслатиб ўтамиз, Чеченистон раҳбари коронавирусга чалингани ва у Москвадаги касалхонага ётқизилгани ҳақида 21 май куни маълум бўлганди.

Маълумот учун, Россия ҳукуматининг тўрт нафар аъзоси ва президент матбуот котиби Дмитрий Песков коронавирусга чалинган. Ўзининг коронавирусга чалингани ҳақида биринчи бўлиб 30 апрель куни Россия бош вазири Михаил Мишустин маълум қилганди. 1 май куни эса Россия қурилиш вазири Владимир Якушев ва унинг ўринбосари Дмитрий Волковнинг коронавирусга чалингани маълум бўлганди. 6 май куни эса Россия маданият вазири Ольга Любимованинг коронавирусга чалингани маълум қилинди.